Мусулмонлар меъёрни унутган масалалардан бири зикрдир. Яъни, бу ибодат пайтида ҳаддан ошиб бақириб-чақириш, номуносиб ҳаракатлар, Қуръон ва суннатга уйғун бўлмаган сўз ва жумлаларни айтиш тўғри эмас.

Шубҳасиз, Исломда зикрнинг ўзига хос мезонлари бор. Ҳар ишда бўлганидек, бу борада ҳам энг гўзал ўрнакни Расулуллоҳ (а.с.)дан оламиз: (Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21).

 Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Раббингизга зорланиб ва хуф-ёна (овозсиз) дуо қилинг! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф, 55); “Раббингизни ичингизда тазарру ва қўрқинч билан ҳамда гапирганда овозни кўтармасдан эрта-ю кеч зикр (ёд) этинг!” (Аъроф, 205).

Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга эдик. Бир водийга етганимизда баланд овозда таҳлил ва такбир айта бошладик. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй одамлар, ўзингизга шафқат қилинг. Сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин зотдир”, дедилар» (Муттафақун алайҳ); Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Зикрнинг энг яхшиси махфий қилинганидир» (Имом Аҳмад).

Юқоридагилардан динимизда Аллоҳни зикр этишнинг ўзига яраша одоби борлиги ва ҳеч кимнинг бу хусусда ўзича шакл ва саноқ белгилашга ҳаққи йўқлиги маълум бўлади.

Ўрни келганда яна бир масалага тўхталиш зарур. Аллоҳ таоло Китобида бандаларига Ўзини энг чиройли исм ва сифатлари билан танитади. У Зотни Қуръон ва суннатда таърифланган лафзлар билан зикр этиш керак. Бу борада ўзимиз истаганимизча ёки атрофимиздан ўрганиб амал қилолмаймиз.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бу мавзуда кўплаб ҳадислари туриб, ўзимизча зикрлар ижод этишимиз тўғри бўлмайди.

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1137 марта кўрилган