январ 04

Стенфорд университети дунёдаги энг кўзга кўринган, обрўли университетлардан биридир. Кўп йиллардан бери турли академик рейтингларда юқори поғоналарни эгаллаб келади. АҚШнинг Калифорния штати Сан Франциско шаҳридан 60 километр жанубдаги Пало Альто шаҳарчасида жойлашган.

Университет дунёнинг бошқа нуфузли таълим даргоҳи Ҳарвард университетида ўқиётган кезлари вафот этган Леланд Стенфорд хотираси учун ота-онаси томонидан 1891 йили ташкил этилган. Ҳар йили бутун дунёдан 6700 нафар талаба ва 8000 дан ортиқроқ аспирант ва тадқиқотчиларни қабул қилади.

Стенфордда бизнес, ҳуқуқшунослик, тиббиёт ва техника факультетлари мавжуд.

Ўзига хос таълим дастури ва ғаройиб илмий муҳит туфайли университетнинг айрим битирувчилари кейинчалик Hewlett-Packard, Electronic Arts, Sun Microsystems, Nvidia, Cisco Systems, Google, Yahoo! каби дунёга машҳур компанияларга асос солишган. Университет ҳудудида илмий-саноат маркази фаолият кўрсатади.

Таълим даргоҳи президенти – Жон Хеннесси. Википедия берган маълумотга кўра, Стенфорд университети 33,1 квадрат километр (3310 гектар)ни, жамғармаси 21,4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Университет ҳақида қизиқарли маълумотлар:

 Аслида вафот этган талабанинг ота-онаси Ҳарвард президенти ҳузурига Пало Альтода Ҳарвард филиали очиш таклифи билан кириб, рад жавобини олишган.

Ҳарвард президенти олдидан ўз университетларини ташкил қилиш фикри билан чиққан ота-она Стенфордлар “Калифорния болалари бизнинг болаларимиз бўлади” дея ишга киришишган.

Университетда ўқиш нархи жуда қиммат. Ҳатто унча-мунча бадавлат оилалар ҳам фарзандини бу ерда ўқитишга қурби етмайди. Баъзи курсларнинг нархи 250 000 АҚШ долларигача етади.

Шоакмал Акбарзода

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1057 марта кўрилган