Тарихнинг энг атоқли ва машҳур олимларидан бири, буюк ихтирочи Никола Тесла 1856 йил ҳозирги Хорватия ҳудудида жойлашган Смилян шаҳрида таваллуд топган. У пайтлар Смилян Австрия-Венгрия империяси таркибида эди. Миллати – серб. 1891 йил АҚШ фуқаролигини олган. Кўп фазали ток, электр двигатель соҳаларига қўшган ҳиссаси билан машҳур. Магнит оқими зичлиги ўлчов бирлиги Тесла номига қўйилган.

Никола Тесла АҚШга боргунига қадар Францияда бироз муддат ишлади. 1884 йил Нью-Йоркка етиб келди. У бошқа атоқли олим ва ихтирочи Томас Эдисоннинг “Edison Machine Works” компаниясига ишга кирди. Эдисон Тесланинг ўз ихтироларини яхшилаш ҳақидаги қарашларини совуққонлик билан қабул этди. 1885 йили Эдисон унга ўз ихтироларидан бирини яхшилай олса, 50 минг долларлик мукофот пули ваъда қилди. Никола зудлик билан ишга киришиб, тез орада Эдисонга натижани тақдим этди. Эдисон эса, Тесланинг хизматини олқишлади, пул ҳақида эслата туриб, уни америкача юморни тушунмасликда айблади. Ҳақоратланган Тесла вақтни ўтказмай ишдан кетди.

Эдисоннинг компаниясида бир йилгина ишлаб, Тесла ишбилармонлар орасида анча ном қозонганди. Унга қатор таклифлар туша бошлади. Улардан бири кўча чироқлари самарадорлигини ошириш ҳақида эди. Тесла бу таклифни қабул қилди ва буюртмани кўнгилдагидек бажарди. Аммо буюртмачилар ваъда қилинган маблағни бермай, компания акцияларини таклиф қилишди. Бу эса Теслани асло қониқтирмасди.

1886 йилнинг кузидан бошлаб бир йилга яқин Никола Тесланинг мискин ҳаёти бошланди. У кўчаларда ухлар, дуч келган нарсани еб-ичарди. Учраган одам билан танишарди. Ана ўша тасодифий ҳамсуҳбатларидан бири Браун унга танишлари орқали озгина моддий кўмак ундириб беради. Бу пулга Тесла ўз компаниясини ташкил этади ва Нью-Йоркнинг қиммат кўчаларидан бири 5-авеньюдан офис очади. Қўшниси ким эди, тасаввур қила оласизми? Томас Эдисон! Икки буюк олим ва ихтирочи ўртасида рақобат бошланади ва бу тарихга “Ток уруши” (War of Currents) номи билан киради. 1888 йили ишбилармон Вестингхауз Тесладан 40 патентни сотиб олади ва уларнинг ҳар бирига 25000 доллардан тўлайди.

Орадан анча йиллар ўтиб Тесла илмий давраларда анча обрўли шахсга айланади. 1915 йили Нобель мукофотига тавсия этилади. Бунда ҳам унинг рақиби Томас Эдисон эди. Мукофотни кимга беришга иккиланган ҳайъат икковлонга уни бўлишиб олишни таклиф қилади. Лекин олимлар бир-бирига бўлган адовати туфайли мукофотдан воз кечишади.

Тесла мункиллаган чоғида автоҳалокатга учраб, сурункали ўпка шамоллашини орттириб олади. 1943 йилнинг 1 январида Нью-Йоркда вафот этади. Уни Фрэнклифф қабристонига дафн этишади. Кейинчалик, 1957 йили унинг хоки Белградга олиб кетилади.

Шоакмал тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1201 марта кўрилган