Шундай намозлар борки, уларни ўқиш фарз ҳам, вожиб ҳам, суннат ҳам эмас, балки мазҳабимиз бўйича ихтиёрий нафл намозлардир. Уларни вақти бемалол кишилар ўқиса савоб, ўқимаса гуноҳи йўқ. Улар асосан қуйидагилар:

1. Чошгоҳ намози. Энг ками 2 ракат, кўпи 12 ракат бўлиб, вақти қуёш чиқиб, бироз кўтарилган пайтдан то пешин вақти киргунга қадар давом этади.

2. Таҳийяи масжид. 2 ёки 4 ракатли намоз бўлиб, бирор масжидга кирганда масжид ҳурмати учун ўқиладиган саломлашиш намозидир. Бомдод ва аср намозларидан кейин масжидга кирган киши уни ўқимайди, балки тасбеҳ, таҳлил ва салавот ўқиса ҳам масжид ҳаққини адо этган бўлаверади. Шунингдек, масжидга фарз намозини ўқиш ниятида кирган киши ҳам “таҳийя” ўқимайди. Яна, бир кунда бир масжидга кўп марта кирса ҳам, бир марта “таҳийя” ўқиса кифоядир.

3. Шукри вузу. Таҳорат қилгандан кейин ўқиладиган шукрона намозидир.

4. Истихора намози. Бирор муҳим ишни қилиш ёки қил-маслиқда иккиланиб қолган киши ўқийдиган намоз. Бунинг учун хуфтон намозидан кейин, ухлашдан олдин 2 ракат истихора нафлини ният қилиб ўқийди. Тушида Аллоҳнинг изни билан қайси йўл унинг учун фойдали экани аён бўлади.

5. Ҳожат намози. 2 ракат бўлиб, бирор ҳожатни раво қилишини Аллоҳдан умид қилган ҳолда ўқилади.

6. Таҳажжуд, яъни, тунги намоз. У тунда уйқудан бедор бўлган ҳолда ўқиладиган намоз бўлиб, энг ками 2, кўпи 8 ракатдир.

7. Тасбеҳ намози. 4 ракат бўлиб, биринчи ракатда “Субҳа-накаллоҳумма...”дан кейин “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” жумлаларини 15 марта ўқийди. Сўнгра “Аъузу...”дан кейин Фотиҳа билан Такосур сурасини ўқийди. Сўнгра рукуда мазкур жумлаларни 10 марта ўқийди. Қиёмга турганда ҳам уларни 10 марта, ҳар саждада 10 марта, икки сажда орасида ҳам 10 марта ўқийди. Кейинги 3 ракатни ҳам худди шу тариқа ўқийди. Фақат бу ракатларда Аср, Кофирун ва Ихлос сураларини Фотиҳадан кейин замсура сифатида ўқийди. Тасбеҳ намозининг вақти пешиндан олдиндир.

«Оламгирия», «Фатҳул Қадир», «ал-Баҳр ар-роиқ», «Муҳит», «Мужарот»

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  3867 марта кўрилган