январ 04

Зикр луғатда эслаш, унутмаслик учун ёд этиш ва эсдан чиқарилган нарсани хотирлаш маъноларида келади. Истилоҳда эса банданинг Раббини тили ва дили билан эслашидир. Бу У Зотнинг ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр этиш ёки китобини ўқиш ёхуд У Зотга дуо қилиш, ҳамду сано айтиш, улуғлаш ва шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.

Зикр икки турга бўлинади: тил ва қалб билан.

Тил билан зикр қилишга тасбеҳ, ҳамду сано, қироат кабилар мисол бўлади.  Ич-ичидан Аллоҳнинг улуғлигини доим ҳис қилиш, У Зот мени мунтазам кузатиб туради, деган эътиқодда бўлиш ва шу сабаб гуноҳ ишлардан тийилиш қалб зикридир. Бу жуда муҳим саналади. Қайси банда Аллоҳни қалбан зикр қилса, бу секин-аста тилга чиқади. Аммо тилдаги зикрни қалбга ўтказиш осон эмас.

Қози Иёз айтади: “Зикр икки хилдир. Биринчиси, қалб билан зикр қилиш; бу ҳам иккига бўлинади. Улардан бири Аллоҳ таолонинг буюклиги, У Зотнинг осмон ва ердаги мўъжизалари ҳақида фикрлаш. Бу зикрнинг энг олий мартабасидир. Қалб зикрининг иккинчи тури Аллоҳнинг амр ва қайтариқларини эслаб, буюрган ишларини қилиш ва қайтарганларидан қайтишдир. Зикрнинг иккинчи тури фақат тил билан бўлиб, бу энг заиф зикрдир”.

Зикр ҳар бандадан талаб қилинган ва ҳар бандага маҳбуб этилган ишдир. Фақатгина шариат истисно қилган, қазои ҳожат ва хутба эшитишга ўхшаш пайтлардагина зикр қилинмайди.

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  4028 марта кўрилган