Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Духон ва Қадр сураларида Қадр кечасининг фазилати тўғрисида оятлар нозил қилган. Қадр сурасининг бир оятида шундай марҳамат қилинади: “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир”.

Қадр кечаси рамазон ойининг қайси кунида экани бандалардан бекитилади. Бунга сабаб Аллоҳнинг бизга ўта меҳрибонлиги, яъни у бандаларим рамазон ойининг ҳар бир тунини Қадр кечаси деб билган ҳолда ҳар куни менга ибодат қилсинлар, истиғфор айтсинлар, мен уларнинг дуоларини қабул қиламан, уларга чексиз неъматлар ато этаман, дейди.

Қадр кечасида мусулмонлар учун ибодат қилиб, амру маъруф ва наҳй мункар эшитиб ҳамда хатми Қуръон тинглаб, руҳий ва маънавий озуқа олиш, муборак кечани мазмунли ўтказиш учун имконият катта. Бундай имконият муслима аёлларимизда кам бўлгани, уларнинг масжидларга бориши мумкин эмаслиги сабабли, муборак кечаларда бировларнинг хонадонида тўпланишгандан кўра, ўз уйларида холис Аллоҳ розилиги учун ибодатлар қилиб, Қадр кечасининг савобларидан баҳраманд бўлишлари учун қуйидаги амалларни тавсия этамиз.

Қадр кечасида ўз хоҳишларига қараб озми-кўпми нафл намози ўқишлари мумкин. Бу намознинг энг ози икки ракат, ўртачаси 100 ракат, кўпи эса тоқат етгунича ўқилади. “Аллоҳ ризоси учун нафл намоз ўқишни ният қилдим”, деб ният қилинади.

1-ракатда бир марта Фотиҳа ва уч марта Қадр сураси ўқилади. 2-ракатда бир марта Фотиҳа, уч марта Ихлос сураси ўқилади. “Аттаҳиёту”, саловат ва дуолардан сўнг салом берилади. 3- ва 4-ракатлар ҳам айни шаклда ўқилади. 100 ракат ўқиладиган намоз ҳам худди шундай ўқилади.

Намоздан сўнг бир марта ташриқ такбири айтилади: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”. Сўнгра юз марта Қадр сураси, 100 марта “Алам нашрок...” сураси ўқилади. Бундан кейин эса “Қадр” дуоси 100 марта қайтарилади: “Аллоҳумма иннака афуввун каримун туҳиббул афва фаъфу анний” (Ё Аллоҳ! Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Бизларни афв этгин!”) .

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Қадр кечасида ким имон билан савоб умид қилган ҳолда бедор бўлса, унинг олдинги барча гуноҳлари мағфират қилинади” (Имом Бухорий, Муслим).

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 21 июнда эълон қилинган  3041 марта кўрилган