Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) Исломни қабул қилгач, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ҳамиша бирга бўлди. У Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жонидан ортиқ кўрар, у зотга хизмат қилишни шараф деб биларди. Ҳузури олийларида тиз чўкиб ўтирарди. Бу самимий саҳобий барча жангларда қатнашди. Уҳуд куни энг оғир дамларда ҳам Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) ёнидан нари кетмади. “Жоним жонингиз учун фидо, юзим юзингиз учун қалқондир, ё Расулуллоҳ!” дея ҳимояга киришди.

У уйида ҳам овқатини ёлғиз ейишни истамас, Набийга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар йўллаб, у кишини так­лиф этарди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бот-бот унинг уйи­га ташриф буюрар, Умму Сулайм тайёрлаган таомдан ер, ўша ерда ухлаб дам олар эдилар. У пайтлари кичик ёшда бўлган Анас (розияллоҳу анҳу) ўша саодатли дамларни шундай хотирлайди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйимизга тез-тез келиб турардилар. Биз болаларни жуда яхши кўрар, эркалардилар. Алоҳида эътибор қаратар, латифалар айтиб вақтимизни чоғ қилар эдилар. Биз билан бирга намозга турардилар, биз у кишининг ортида саф бўлиб намозни адо этардик”.

Ана шундай кунларнинг бирида Абу Талҳанинг уйида яна ажойиб бир таом пиширилди. Онаси Анасни Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) дастурхонга таклиф этиш учун жўнатди. Бу пайт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суфа аҳли билан масжидда ўтирган эдилар. Анаснинг келишидан меҳмонга чақирилганини англаган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) етмиш чоғли асҳоби билан Абу Талҳанинг уйига қараб йўл олдилар. Бир дунё одамга кўзи тушган Абу Талҳа нима қиларини билмай шошиб қолди. Шунда аёли Умму Сулайм: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бор жойда ташвишга ўрин йўқ!” дея уни тинчлантирди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таомнинг баракали бўлишини сўраб дуо қилганларидан сўнг, асҳобларни гуруҳ-гуруҳ қилиб дастурхон атрофига ўтқаздилар. Ҳамма тўйгунича еб ўрнидан турди. Лекин бу пайтда яна шунча кишига етарли овқат ортиб қолганди.

Абу Талҳа мадиналик мусулмонлар орасида энг кўп боғи бор киши эди. Унинг “Байруҳа” номли боғи Масжидун Набавийнинг қаршисида жойлашганди. Бу боғ хурмолари, узумлари ва ширин суви билан машҳур эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ерга тез-тез келар, боғдаги сувдан ичардилар. Абу Талҳа “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” (Оли Имрон, 92) ояти нозил бўлганини эшитгач, тўғри Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) олдиларига борди ва мана шу боғини Аллоҳ розилиги учун эҳсон қилганини, ундан исталган мақсадда фойдаланиш мумкинлигини айтди. Унинг бу ишидан мамнун бўлган Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) боғни қариндошларига эҳсон қилишини буюрдилар. Абу Талҳа тилларда достон бўлган бу боғни амакиваччаларига берди.

У асҳоб орасида жасорати, мардлиги ва айниқса баланд овози билан ажралиб турарди. Шу сабабли ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Абу Талҳанинг аскарлар орасидан берган товуши юз кишидан кўра яхшироқдир”, дея лутф қилганлар.

Абу Талҳа ҳар қандай хизматга ҳозиру нозир эди. Мадинада қабр қазишни ҳам зиммасига олганди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оламдан ўтганларида қабрларини тайёрлаш шарафи Абу Талҳага насиб этди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафотларидан кейин у кишини жонидан ортиқ кўрган бошқа саҳоблар каби Абу Талҳа ҳам бу айрилиққа чидолмади, Шом тарафларга бош олиб кетди. Узоқ вақт ўша ерда қолди. Кўнглидаги ҳасратни кетказиш ва Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак қабрларини зиёрат этиш учун ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) шаҳид бўлишидан олдинроқ Мадинага келди. Дунёдан кўнгил узиб, тоат-ибодат билан машғул бўлди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) унга қаттиқ ишонарди. Шу боис ҳам халифа танлашга масъул бўлган шўро мажлисининг эшикоғаси лавозимини Абу Талҳага топширди. Унга мусулмонлар амири тайинланишига қадар хавфсизликни таъминлаш ва уч кун муддат ичида халифа сайлашни ташкил этиш вазифаси юклатилди. У эса бу топшириқни бутун вужуди билан берилиб адо этди. Ансордан эллик киши билан бирга эшикни қўриқлади ва уч кун ичида халифа сайланишига кўмакчи бўлди.

Абу Талҳанинг ёши бир жойга бориб қолганда Румга юришга ҳозирлик бошланди. У ҳам сафарга чиқди. Бироқ йўлда кемада хасталанди ва бироз вақт ўтиб фоний дунёни тарк этди. Бу воқеа милодий 654 йили юз берди. Етти кун мобайнида қуруқликка етишолмаганлари сабабли Абу Талҳани дафн этишолмади. Бироқ бу фурсат ичида жасад умуман бузилмади.

Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) 92 та ҳадис ривоят қилди. Улардан бирини ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бир куни Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирдим. Жуда хурсанд эдилар, юзларига табассум югурганди. Сабабини сўраганимда: “Эй Абу Талҳа, ахир қандай қилиб мамнун ва масрур бўлмай! Бироз олдин Жаброил (алайҳиссалом) келди. Умматимдан ким менга бир бор саловат ва салом йўлласа, Аллоҳ таоло ва малакалар унга ўн саловат ва салом йўллашидан мужда берди”, дедилар у зот (соллалоҳу алайҳи ва саллам)”.

Аллоҳ Абу Талҳадан (розияллоҳу анҳу) рози бўлсин!

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 30 июнда эълон қилинган  828 марта кўрилган