Ал-Ғаний. Бой, ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган Зот. Аллоҳ таоло зотида, сифатларида ва ишларида ҳеч бир нарсага эҳтиёж сезмайди. У ҳамма нарсадан мустағний-беҳожатдир. Ундан бошқа ҳамма Унга муҳтождир.

Аллоҳ таолонинг бу исми Қуръони каримда 18 марта зикр қилинган. Қайси бир мусулмон ихлос-эътиқод билан “Ё Ғаний!” дея бу муборак исмни зикр қилиб юрса, унинг баракотидан баҳра олиб, одамларга муҳтож бўлмайди, моддий ва маънавий имконларга эришади, шифо топади.

Ал-Муғний. Хоҳлаганини бой-бадавлат қилувчи, муҳтож­ликдан қутқарувчи, ҳар нарсани етарли миқдорда берувчи Зот. Аллоҳ таоло истаган бандасини ўз мақоми ва даражасида қолдиради, хоҳлаганининг эса мавқеини кўтаради.

Ҳар ким бу исми шарифнинг баракотидан умид қилиб “Ё муғний!” деб зикр қилиб юрса, ризқи мўл бўлади ва Аллоҳ таоло уни бандалардан беҳожат қилиб қўяди.

Банданинг молу мулки ҳар қанча кўпаймасин, у барибир муҳтожликдан қутулолмайди. Шунинг учун банданинг бойлиги мажозийдир.

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 30 июнда эълон қилинган  1131 марта кўрилган