Савол: Тақдиримда бор эканки, гуноҳ қиляпман. Менда нима айб?

Жавоб: 1. Ризқ ҳам тақдирда ёзилган. Нега ризқ масаласида тақдирга суянилмайди? Эртаю кеч тирикчилик деб югуриб-еламиз. Лекин эътиқодий амал, ибодатга келганда, тақдирга суянилади. Бундан маълум бўладики, бу инсон Аллоҳга итоат этишга эринади ва тақдирни баҳона қилади.

2. Одамлар кўпинча тақдир масаласида Қуръондаги баъзи оятларни ўзларига далил қилишади. Ҳолбуки, бу оятларнинг маъноси бошқадир. Бандалар Аллоҳ тақдирга ёзгани учун муайян амални қилмайди, балки банданинг нима амал қилишини Аллоҳ олдиндан билгани учун шу амални унга тақдир қилиб ёзди. Қуръон оятларини, ҳадисларни тушуниш учун фақат зоҳирий маъносига қараш кифоя қилмайди. Уларнинг сабаби нузулига, тафсир ва ҳадисларга қараш керак.

3. Қадар (тақдир) Аллоҳ таоло барча нарсаларни: коинот ва ундаги ҳодисаларни азалий илми билан белгилаб қўйишидир. Қазо азалдан белгиланган ишларнинг вақти етганда оламда пайдо бўлишидир.

Маст шофёр мисоли: Бир киши дўсти ичган ҳолда машинага ўтираётганини кўрди. Уни қайтармоқчи бўлиб: “Маст ҳолда ҳайдама. Авария қиласан, ҳалок бўласан”, деди. Маст шофёр қулоқ солмай, машинанинг газини босди. Бир-икки километр юргач, машинани дарахтга уриб, ҳалок бўлди. Бу ҳалокатга ким айбдор? Олдиндан сезиб огоҳлантирган дўстими ёки маст шофёрми? Албатта, шофёр айбдор. Чунки машинани у ҳайдади, дўсти олдиндан айтди, лекин уни мажбур қилгани йўқ. Гуноҳ қилаётган кимса ҳам унга ўз иродаси билан қўл урмоқда. Аллоҳ олдиндан гуноҳ қилишини тақдирда ёзган, лекин мажбур қилмаган. Бояги огоҳлантирувчини ҳалокатда айблаш қандай адолатсизлик бўлса, ўзининг гуноҳида Аллоҳни айблаш ҳам шундай адолатсизликдир.

Хулоса: тақдирнинг гуноҳ ва савобга тегишли қисмида инсонга ихтиёр берилган. Буни жузъий ихтиёр дейилади. Бу ишлар ва амаллардан инсон масъулдир. Тақдирнинг туғилиш, ўлиш, касалликлар, мусибат ва шу каби ҳодисаларида инсонга ихтиёр берилмаган. Инсон булардан масъул эмас.

 

Сайфиддин Сайфуллоҳ

“Ақидавий аҳкомлар” китобидан

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 30 июнда эълон қилинган  1730 марта кўрилган