Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кунларнинг бирида: – Асло йўлларда (кўчаларда) ўтирманг! – дедилар.

      – Ё Расулуллоҳ, ўтирмасдан иложимиз йўқ. У ерда (йўлларда) ўтириб гаплашамиз, – дейишди.

      – Ўтирадиган бўлсангиз, йўлнинг ҳақини беринг, – дедилар Набий (алайҳиссалом).

      – Унинг ҳақи нима, Ё Расулуллоҳ? – деб сўрашди.

      – Кўзингизни тийиш, (ўтган-кетганни) безовта қилмаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳазрати Умарнинг (розияллоҳу анҳу) ривоятида: “Ёрдам сўраган мазлумга кўмаклашасиз, йўлида адашганларга йўл кўрсатасиз” деган қўшимча бор.

Шарҳ. Саҳобаларнинг Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) буйруқларига эътироз билдиришлари сабабини Қози Иёз бундай изоҳлайди: “Бунинг сабаби Расулуллоҳнинг бу қайтариқлари вожиб эмас, шунчаки ташвиқ ва яхшироқ йўлни кўрсатиш учун эди. Акс ҳолда, саҳобийлар бу таъқиққа сўзсиз бўйсунган бўлардилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига баъзи шартлар асосида йўлда туриш ё ўтиришга рухсат бердилар. Турли ривоятларга асосланган турли ҳадисларда ўша шартлар 14 тага етади:

1. Салом бериш.

2. Ширин сўз.

3. Аксирганга “ярҳамукаллоҳ” дея ташмит айтиш.

4. Саломга алик олиш.

5. Юки оғир одамга ёрдамлашиш.

6. Мазлумга ёрдам бериш.

7. Ёрдам сўраганнинг олдига бориш.

8. Йўл сўраганга йўл кўр­сатиб юбориш.

9. Йўлдан адашганларга йўл­бошчилик қилиш.

10. Яхшиликка буюриш.

11. Ёмонликдан қайтариш.

12. Йўловчиларга азият етказишдан сақланиш.

13. Кўзни тийиш.

14. Аллоҳни кўп зикр қилиш.

Бугунги кунда ушбу ҳадис жуда долзарб. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) худди бизнинг замонани кўриб туриб айтгандеклар.

Йўл – жамоат жойи, одамлар ўтиб-кетиб турадиган, баъзида гавжумлашиб кетадиган ер. Бундай жойларда муайян қоида, оғзаки ё ёзма тавсиялар мавжуд бўлмаслиги тартибсизлик, баъзан, хунук воқеаларга сабаб бўлади.

Аксинча, юқоридаги каби тавсия ва қайтариқлар ўзаро ҳурмат ва илиқ муносабатларни шаклланишига хизмат қилади.

Ҳозир йўлда туриб ё ўтириб кўзни тия олмаслик, ўтган-кетганга гап отиш, турган ерини чиқинди ташлаб ифлос қилиш оддий ҳолга айланиб боряпти.

Кўп марта гувоҳи бўлганимиз бир ҳолат бор: биров йиқилиб тушса, кўпинча атрофдагилар ёрдамга шошилиш ўрнига четда туриб шарақлаб кулворишади ё дарҳол телефон камераларини ёқиб, ёзиб ола бошлашади. Кўриниб турибдики, Аллоҳга имон келтириб, Пайғамбарга (алайҳиссалом) эргашган одамга бунақа бемазагарчилик асло тўғри келмайди. Зеро, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) буюрган ё қайтарган юқоридаги ҳолатлар аввало инсонийлик, ўзаро меҳрни мустаҳкамлайди.

Шоакмал Акбарзода тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 30 июнда эълон қилинган  1048 марта кўрилган