Инсоният Ер юзида ҳаёт кечира бошлаганидан буён комилликка интилади. Бу ниятга эришишнинг ягона ва тўғри йўли илм ва тарбиядир.

Динимизда таълим-тарбия асосий масалалардан биридир. Қуръони каримда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида, олим-уламолар асарларида бу мавзуга алоҳида эътибор берилган.

Қуръони каримнинг бир неча оятларида Яратганнинг ҳикмати ва бандаларига билдирган белги-аломатларини фақат илм эгалари, тафаккур қилгувчиларгина англай олиши айтилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) болаларга яхши тарбия бериш, уларга дину диёнат, ахлоқ, касб-ҳунар ўргатиб бориш зарурлиги ҳақида ота-оналарга кўп эслатма берганлар. Илмнинг заруратини таъкидлаб: “Хитойга бориб бўлса-да илм ўрганинг”, деганлар.

Ҳар қандай ота-она фарзанди камол топишини, жамиятда муносиб ўрин эгаллашини истайди. Бироқ фақат хоҳишнинг, орзу-ҳаваснинг ўзи етарли эмас. Тарбия жуда оғир, масъулиятли жараён. Бошда қўйилган биргина хато қадам вақти келиб бир олам кўргуликларга сабаб бўлиши мумкин. Кейинги пушаймондан эса фойда йўқ. Агар бу жараённи динимиз кўрсатмаларига мос ва узлуксиз олиб борсангиз, унинг мевасидан кўп йиллар баҳраманд бўласиз, иншааллоҳ.

Гапнинг даромадидан тақвимнинг бу галги сони тарбия мавзусига бағишланганини сезган бўлсангиз керак.

Бу чоракда рамазон ойининг борлиги нур устига нур бўлди. Чунки иш бошида руҳий ва маиший тарбияга эътибор қаратишни режалаштирган эдик. Рўза руҳимизни, кўнглимизни, наф­симизни тарбиялайдиган энг катта имтиҳонлардан биридир. Бу ойнинг баракотидан баҳраманд бўлган киши ўзида ҳам жисмонан, ҳам маънан юксалишни сезади.

Тақвимни тайёрлашда кундалик ҳаётимизда учрайдиган ҳолатлар, мавзуга оид бошқа масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Доимий рукнларимиздаги мақолалар, турли қизиқарли маълумотлар ҳам сизни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлаймиз.

Кейинги сонимизда, насиб этса, “Тил – дил кўзгуси” мавзусида сўз юритмоқчимиз. Унда сиз тилнинг фойдалари ва зарарлари, нутқни ривожлантириш усуллари, сўз қудрати ҳақидаги мақолалар, ибратли ҳикоялар, шунингдек, она тилимизнинг бугунги аҳволи ва муаммолари, унга бўлган муносабат ҳақидаги мулоҳазалар, далиллар, ечимлар ва так­лифлар билан танишишингиз мумкин.

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 30 июнда эълон қилинган  1216 марта кўрилган