Қилинган тавбанинг қабул бўлиши учун икки ракатли нафл намоз ўқиш мандуб саналган ибодатдир. Гуноҳидан пушаймон бўлган киши Аллоҳ таолонинг фазлу карамига, тавбаларининг қабул қилинишига эҳтиёжманддир. Бунинг учун икки ракатли намоз ўқиб, мағфират сўраш мандубдир. Тавба намози ҳақида ҳазрат Алидан (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: “...Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) менга бир ҳадис ривоят қилди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳ қилган одам чиройли (суннат ва одобига риоя қилган ҳолда) таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиса ва Аллоҳ таолодан гуноҳининг кечиришини сўраса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади”, деб марҳамат қилдилар” (Ибн Можа). Абу Довуднинг ривоятида: “Аллоҳ таоло уни албатта мағфират қилади”, дейилган.

Тавба ва истиғфордан олдин ўқилган икки ракат намоз кишини дунё ва унинг завқларидан узоқлаштириб, Аллоҳга яқинлаштиради. Қилган руку ва саждалари Аллоҳ таоло карамига эҳтиёжи борлигига ва заифлигига, Унинг қудрати олдида жуда ҳам ожизлигига ишора қилади. Бундай аҳволи руҳия ичида қилинган тавба ва дуолар ижобат ва қабулга яқиндир, иншааллоҳ.

Бундан ташқари, қилинган ёмонликдан кейин намоз ўқиш билан “...Албатта, эзгу ишлар гуноҳларни кетказади”(Ҳуд, 114) мазмунли ояти каримага мувофиқ иш қилинган бўлади.

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 19 мартда эълон қилинган  2550 марта кўрилган