Бир энциклопедияни кўздан кечираётиб куз ҳақидаги мана бу ёзувлар диққатимни тортди. Уни сизнинг ҳам эътиборингизга ҳавола қиламан. Аммо сатр ораларига ўз фикрларимни ҳам қўшиб, бойитиб тақдим қилмоқчиман.

Куз 22 сентябрдан 22 декабргача давом этадиган, ёз билан қиш ўртасидаги ўтиш мавсумидир.

Яъни, ёшлик билан ўлим ўртасидаги ҳаётлик давримиз. Куз бу кексалик.

Куз қишнинг хабарчисидир.

Кексаликдан кейинги тўхтайдиган бекатимиз ўлим эканига кўра, кексалик ўлимнинг хабарчисидир.

Бу мавсумда ҳаво аста-секин совиб, кишиларни қишга тайёргарлик кўришга ундайди.

Одам ёши ўтгани сари секин-аста қувватдан қолиб, мадори кета бошлайди. Букилган беллар, тутолмай қолган қўллар ва тоқатсиз баданлар энди охиратга ҳозирлик кўриш зарурлигини эслатиб туради.

Дарахтлар ям-яшил гўзаллигини йўқотиб, баргларини тўкади, ўсимликлар сарғаяди, ҳайвонлар ҳам қишга тайёрлана бошлайдилар.

Ёшликнинг лов-лов ёниб, кўзни қамаштирувчи чиройи ўз ўрнини оқариб тўкилган сочларга бўшатиб беради. Мана қаранг: ҳайвонлар ҳам қиш тадоригини кўришмоқда. Ҳатто чумоли ҳам уриниб-толиб қиш ғамини емоқда. Шундай экан, қачон бир ушоқни орқалаб, минг машаққат билан уяси томон ошиқаётганини кўрсак, уни яхши амал қилиб, савобини совурмасликка тиришиб, бус-бутунича қабрига олиб кетишга уринмоқда, деб тасаввур қилайлик. Ана шу биз учун намунадир. Қани, шу битта чумоличалик бўла оламизмикан?

Кузда бошқа мавсумдагидек барқарор об-ҳаво ҳукм сурмаслиги учун ҳушёр бўлиш керак.

Буниси жуда муҳим. Барқарор об-ҳаво бўлмаслиги, аслида сўнгги нафасимиз имон билан чиқиб-чиқмаслиги қўрқуви биз учун. Шунинг учун қўрқув ва умид ичра ҳушёр туришимиз талаб этилади бу мавсумда.

Куз тўртта фасл орасида мўл-кўлчилик, пишиқчилик мавсуми экани билан ажралиб туради. Мева-сабзавотлар бу фаслда ғарқ пишиб етилади.

Айтиб ўтганимиздек, кузда серҳосил бўламиз. Кексаларимиз ҳам ўзлари эга бўлган бой ҳаётий тажрибалари, бошларидан кечирган ибратли воқелари билан биз учун энг серҳосил пайтларини яшайдилар.

Бу фасл қишнинг хабарчисидир. Унинг кишиларни қишга тайёрланишга ундаш вазифаси ҳам бор. Ҳавонинг баъзан совуқ, баъзида ёмғирли, гоҳида эса очиқ бўлиши бунинг мисолидир. 

Ҳа, бу пайтга келиб руҳий ҳолатимиз ҳам ўзгаради. Ўлимга яқинлашган сари кишини умид ва қўрқув ҳисси қамраб олади. Албатта, кексалар кўпроқ умидвор бўлишлари керак. Киши савобли ишлар, ибодатларни кўпроқ қилиб қолишга интилади, аммо кекса бадан кўп ҳолларда буни қийинлаштиради.

Шу маънода куз фасли қишга тайёргарликнинг тезлашиш мавсумидир. Тузламалар тайёрлаш, ўтин-кўмир ғамлаш, иссиқ кийимлар ҳозирлаш бу мавсумнинг асосий хусусиятларидандир.

Яъни, баданимизни эркин қўйиб, кайфиятимиз чоғ бўлиши учун ҳали келмаган кунларга катта тайёргарлик бошлаймиз.

Танг кунларимизда ғамлаганларимизни ишлатишдан ҳам яхши нарса борми дунёда! Тайёрланяпмиз, аммо қишгами? Ҳақиқий қийин кунлар келишидан олдин ҳозирдан барча имконимизни ишга солиб, савоб ишлар қилиб қолишга иштиёқ борми бизда? Қабрга кирганимизда асқотадиган ягона нарса солиҳ амалларимиз бўлади. Ўша тузламалар, иссиқ кийимлару ўтин-кўмирга берган аҳамиятимизни яхши ишлар қилишга ҳам қаратишимиз керак. Қиш учун кўмир қандай аҳамиятли бўлса, қабр учун савоб амаллар ҳам шундайин муҳимдир.

Куз фасли ёз билан қиш ўртасидаги кўприк кабидир. Ҳавонинг ўзгарувчанлиги инсон саломатлиги, деҳқончилик, чорвачилик ва боғдорчилик учун хавфли бўлиши мумкин. Шунинг учун янада диққат-эътиборли бўлиш ва ҳар қандай эҳтимолий ўзгаришларга тайёр туриш талаб этилади.

Ҳаво ўзгаради. Яъни, руҳий ҳолатимиз, кўнглимиз ўзгаради. Ҳар он нафс билан, шайтон билан, ёмон дўст билан кураш ичидамиз. Лекин уларнинг тузоқларига тушиб қолиш хавфи ҳар вақт бор. Бу хавф шуниси билан қўрқинчлики, унинг оқибатида шунча йиллар давомида орттирган мўл ҳосил – кўплаб яхши амаллар бир онда соврилиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу фаслга келиб жуда тадбирли бўлиш ва бор вужуд билан ибодатлару яхшиликларга берилиш керак бўлади.

Бу фаслда шамоллаш, грипп ва шунга ўхшаш касалликлар кўпаяди.

Бунга қўшимча ёмон ўртоқ, ғийбат ва ёмон гумон каби қалб касалликлари таҳликаси ҳам бор. Унинг устига бу иллатлар кишига ҳар фаслда илашиши мумкин. Охирги вақтда илашиб қолса-чи?..

Шунинг учун кийинишга, ейиш-ичишга жуда аҳамият бериш керак ва С дармондорисини кўпроқ истеъмол қилиш керак.

Яъни кийим-кечак, озиқ-овқатимиз ҳалол эканига жуда аҳамият беришимиз лозим. С дармондориси эса ибодатлар билан нафсимизни енгишимизда бизга асқотади. Ҳақ ва халқ ҳақида асло ёмон ўй-фикрларга бормаслигимиз керак.

Баргларнинг оҳиста сарғайиб тўкилиши, бутун табиат ажойиб хусусиятини йўқотиши, кишини маҳзун ўй суришга мажбур қилгани каби, фурсат тугаётганини ёдга солади ва ўлимга тайёрланишга ундайди.

Энди кузнинг ойлаб ёғадиган ёмғири ҳақида фикрлашсак. Унинг тупроқ билан қоришиқ ҳиди димоққа хуш ёқади. Ёмғир остида хазонлар тўкилган йўлларда сайр қилиш қандай маза!

Кузда ёмғир нега бунчалик кўп ёғишини билмайман. Аммо кузни кексаликка ўхшатдикми, ёққан ёмғирни Парвардигоримизнинг кексаларга берган марҳаматига, улар узра ёғдирган раҳматига менгзаш мумкин.

Ривоятларга кўра, Раббимиз қари одамнинг юзига ҳар куни эллик марта раҳмат назари билан қарайди ва бундай деб хитоб қилади: “Эй Одам боласи, ёшинг бир жойга етди, суякларинг мўртлашди, ажалинг яқинлашди. Энди Мен сендан уялганимдек, сен ҳам Мендан уял! Зеро, Мен соқоли оқарган одамни азоблашга ҳаё қиламан!”

Кексаларимизнинг энг ибратли сўзлари бундай: “Нима эдик, нима бўлдик?..”

Бу жуда муҳим ибрат тахтасидир биз учун. Биз ҳам бир кун келиб ана шу сўзларни такрорлаймиз. Ёшлигимиздаги ерга урса кўкка сапчийдиган пайтларимизни эслаймиз. Сўнгра кексалигимиздаги мана бу ўрнидан қўзғалолмас ҳолимиз ёдга тушиб, ич-ичимиздан хўрсиниб қўямиз. Ҳатто балки ўшандай дейишга улгурмасдан қишга кириб кетармиз... Аслида ҳар он куз фаслидамиз. Ҳар вақт ўлимга – қишга киришимиз ҳам мумкин.

Куз фасли ҳам, қарияларимиз ҳам ўлимга, охиратга тайёргарлик кўриш учун ҳаракатга киришишга ундамоқда.

Дўстларга тавсия этиш
2013 йил 3 октябрда эълон қилинган  3391 марта кўрилган