Кўпгина халқларда, жумладан бизда ҳам кўз тегишига ишонилади ва ҳамиша “ёмон кўзлардан сақланишга” ҳаракат қилинади. Баъзилар эса буни ирим деб ҳисоблайди ва бепарво қарайди. Хўш, кўз тегиши бор нарсами? Унинг диний ва илмий асоси борми ёки у шунчаки хурофотми?

Бу каби саволларга муфассал жавоб берилган асарлар мавжуд. Улардаги маълумотларни мухтасар тарзда келтирадиган бўлсак, кўз тегиши ҳақиқатан бор нарса. Динимизда баъзи инсонларнинг зарарли назарга эгалиги эътироф этилган ва бу хусус оят ва ҳадислар билан ўз исботини топган. Жумладан, пайғамбаримизга баъзи араблар ана шундай зарарли назарлари билан зиён етказмоқчи бўлишгани ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: “Албатта, кофир бўлган кимсалар Зикрни (Қуръонни) эшитган вақтларида, Сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар ва «албатта, у мажнун», дерлар” (Қалам, 51).

Бундан ташқари, расулуллоҳ (с.а.в.)нинг “Кўз (тегиши) ҳақдир”, мазмунидаги ҳадислари ҳам ворид бўлган (Бухорий ва Муслим ривояти).

Фанда эса “кўзи бор” кишиларнинг манфий биоқуввати ўта кучли бўлиши ва улар ўша куч орқали бошқаларга зиён етказа олишлари мумкинлиги айтилади.

Динимизда бу каби “истеъдодли” шахсларга ва умуман, бир нарсани ёқтириб, кўзи порлаб кетган барчага “Машааллоҳ!” “Субҳаналлоҳ!” “Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳ” каби калималарни айтиш буюрилган. Бировга қасддан, зарар етказиш мақсадида ёмон назар билан қарашдан қатъий қайтарилган.

Кўз тегиши бор экан, ундан қандай сақланиш мумкин? Кўпчиликнинг одати бўйича кўзмунчоқ, тумор ва бошқа “воситалар” биланми? Асло! Бундай қилиш исломда қаттиқ қораланади ва бу ширкка тенглаштирилади. Унинг ўрнига динимиз таълимотларига мувофиқ “Муаввизатайн” – “Фалақ” ва “Нос” сураларини ўқиб, ўзига ва оила-аъоларига дам солиб юрилса, Аллоҳнинг изни билан, ҳеч қандай ёмон кўзу суқ нафас таъсир қилолмайди.

 

Моҳидил Фахриддин ҳожи қизи

Дўстларга тавсия этиш
2013 йил 11 мартда эълон қилинган  1704 марта кўрилган