Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни Пайғамбаримиз (с.а.в.) таваллуд топган кунларидир. У зот (с.а.в.) милодий сананинг 571 йилида Маккаи мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида туғилганлар. Насаблари Иброҳим (а.с.)га муттасил ҳолда етиб борганлиги ҳақида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун Иброҳим авлодларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса мени танлаб олди”, деганлар (Термизий ривояти).

Таваллуд топган кечаларида бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлгани тарих китобларида зикр қилинган. Жумладан, туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги мажусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турадиган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юзтубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик чоғларида, Ҳалима ас-Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида “шаққи садр” воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини олиб ташлашган. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борган, Бусро деган жойга етганларида насроний роҳиб Буҳайро Муҳаммад (с.а.в.) охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилган.

Пайғамбар (а.с.) туғилганларида оталари вафот этган бўлиб, олти ёшга етганларида оналаридан ҳам ажраладилар ва боболари Абдулмутталиб қарамоғида қоладилар. Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этади. У вафот этишидан олдин набирасини фарзандлари орасидан унга энг меҳрибон бўлган Абу Толибга топширади.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг етимликда ўсишларида катта ҳикмат бор. Чунки ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун умматларига нисбатан меҳрибон бўлиб воя-га етганлар.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаётлари, у кишининг суннатлари биз мўмин-мусулмонлар учун намуна мактабидир. У зот (с.а.в.) ўзларидан кейин нимага эргашиш кераклигини ўргатиб, бундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар! Мен сизларга шундай нарсани қолдириб кетяпманки, агар уни маҳкам тутсангиз, ҳеч қачон адашмайсизлар, у Аллоҳнинг китоби ва менинг суннатимдир” (Ҳоким ва Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз (с.а.в.)га муносиб уммат бўлишдек яхшиликка эриштирсин, Ўзи севган бандаларидан қилсин, рушди ҳидоятда барқарор айласин!

 

“Жума мавъизалари”дан

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 22 ноябрда эълон қилинган  1019 марта кўрилган