Қуръони каримда етук мўминлар ҳақида шундай дейилади: «Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким, улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир. Яна, улар Сизга ва Сиздан илгари (ўтган пайғамбарларга) нозил қилинган нарсаларга (илоҳий китоб ва саҳифаларга) имон келтирадиган ҳамда охиратга (қиёмат кунига) қатъий ишонадиганлардир. Айнан улар Парвардигорлари томонидан (ато этилган) ҳидоят узра (барқарор)дирлар ва ана ўшалар (охиратда) нажот топувчилардир» (Бақара, 2-5).

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам ҳадиси шарифларда: «Сизлардан бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани ўзга мўмин биродарлари учун ҳам яхши кўрмаса, мўмин бўлолмайди» (Бухорий ривояти);

«Мўминлар битта одамга ўхшаш, агар унинг кўзи оғриса, ҳамма ери оғрийди, боши оғриса, ҳамма ери оғрийди» (Муслим ривояти);

«Албатта, мўмин мўмин учун бир-бирини маҳкам тутиб турувчи бино (қисмлари) кабидир» (Муттафақун алайҳ);

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади» (Муттафақун алайҳ), дея қалбдаги имон ва амал ҳақиқатини ифода қилганлар.

Келинг, мазкур оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, ўзимизга савол берайлик:

Аллоҳни эслаганимизда қалбимиз қўрқувдан титрайдими?

У Зотнинг ҳайбат ва қудратидан кўзларимиз ёшланадими?

У Зотнинг буюклигини ҳис этиб, вужудимизда қалтироқ турадими?

Қуръон ўқиган ёки эшитганимизда, кўнглимиз хотиржамлик туядими?

Кунда беш марта азон саслари тараларкан, қулоқ тутяпмизми, бу улуғ чақириққа муносиб жавоб беряпмизми?

Ҳар Рамазон ойида рўзани хушнудлик билан тутяпмизми?

Мол-мулкимизни Аллоҳ йўлида, кишилар манфаати учун сарфлай оляпмизми?

Инсонларга доимо шафқат ва марҳамат билан муомала қиляпмизми?

Тутумимизу турмушимизда ҳақ ва адолатга таяна бил­япмизми?

Ўлчов, тарози ва бошқа ишларимизда ҳийла ишлатмасдан, тўғри-дуруст ҳаракат қила оляпмизми?

Ё қалби ё тани ногирон, дарду изтиробда қолган, меҳр­га муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзяпмизми?

Динимиз ҳаром қилган ишлардан доим ҳам ўзимизни узоқ тута биляпмизми?

Бу ва бу каби саволларга ижобий жавоб бера олган инсон қандайин бахтли! Чунки улар чин мўминлардир.

Демак, чин мўмин фақатгина ишондим ва имон келтирдим дейиш билан чекланмайди, исломни ҳаёт тарзига айлантиради.

Ҳақ ва халқ севгисига, моддий ва маънавий тўкислик ҳам абадий саодатга етиштиргувчи йўлда бўлади.

Шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётини динимиз буюрган тарзда йўлга қўяди.

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  1498 марта кўрилган