Зайд ибн Ҳориса ибн Шуроҳил Калбий. Собиқунал аввалун – энг биринчи имон келтирганлардан бири. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг севимли инсонларидан бўлгани сабаб асҳоб орасида «ал-ҳубб» дея аталарди.

Манбаларда келтирилишича, жоҳилия даврида Зайд онаси Суъда билан қариндошлариникига боришади. Бани Қайн ибн Жиср қабиласидан бўлган отлиқлар у ерга ҳужум қилиб, кичик Зайдни ҳам олиб кетишади. Уни Укоз бозорига олиб боришади ва Хадича онамизнинг жиянлари Ҳаким ибн Ҳизом сотиб олади. Ҳаким Маккага қайтгач, холаси Хадичага сотиб олган қулларини кўрсатади ва истаганини танлаши мумкинлигини айтади. У киши Зайдни танлайдилар ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га тортиқ қиладилар.

Калб қабиласига мансуб одамлар ҳаж учун Маккага келишганида Зайдни кўриб қолиб, хабар беришгач, отаси Ҳориса ва амакиси Каъб фидя билан Маккага келишади. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан фарзандларини қайтариб беришларини сўрашади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Зайдни чақириб, келганларни таниш ё танимаслигини сўрайдилар. Улар чиндан ҳам отаси ва амакиси эканлигини айтгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) Зайдга кетиш ё қолиши ихтиёрий эканини билдирадилар. У Расулуллоҳ (с.а.в.) билан қолишни афзал кўради. Шундан кейин Пайғамбаримиз (с.а.в.) Зайднинг қўлларидан ушлаб Ҳижр тепалигига чиқадилар ва: «Гувоҳ бўлинг, Зайд менинг ўғлимдир. У менга меросхўр, мен унга меросхўрман!» дея уни ўзларига фарзанд эълон қиладилар.

Зайд ибн Ҳориса набийлик келгунга қадар Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан бирга бўлди, биринчилардан бўлиб имон келтирди. У Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг жафокаш дўстларидан эди. Заҳматли ва қайғули кунларда, қувончли дамларда ҳам у зот (с.а.в.)нинг ёнларида турди. Тоифда ҳам бирга эди – Пайғамбаримиз (с.а.в.)га отилган тошларга кўксини қалқон қилиб, бошидан жароҳат олди.

Ҳижратдан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг амакилари Ҳамза билан қиёматли дўст тутинди. Бадр, Уҳуд ва Ҳандақ жанг­ларида қатнашди.

Мутъа жангига кетишдан аввал Пайғамбаримиз (с.а.в.) туғ (байроқ)ни Зайдга топширдилар ва: «Агар Зайд шаҳид бўлса, Жаъфар олсин. Агар у ҳам шаҳид кетса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа олсин», дедилар. Номлари зикр қилинган саҳобалар шаҳид бўлиб, Ҳақ таоло ҳузурига йўл олдилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.) уч қадрдонларининг вафотини эшитиб, кўзларида ёш билан дуо қилдилар: «Аллоҳим, Зайдни мағфират қил! Аллоҳим, Зайдни мағфират қил! Аллоҳим, Зайдни мағфират қил! Аллоҳим, Жаъфарни мағфират қил! Аллоҳим, Абдуллоҳ ибн Равоҳани мағфират қил!»

Машҳур саҳобалардан бири бўлган Усома ибн Зайд Зайд (р.а.)нинг Умму Аймандан туғилган фарзандлари эди.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Шоакмал Шоакбар ўғли тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  1348 марта кўрилган