Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: «Сахий Аллоҳга яқиндир, одамларга яқиндир, жаннатга яқиндир, дўзахдан узоқдир. Бахил эса Аллоҳдан узоқдир, одамлардан узоқдир, жаннатдан узоқдир, дўзахга яқиндир. Аллоҳ таолога жоҳил сахий обид (ибодатга берилган) бахилдан суюклироқдир» (Имом Термизий).

Шарҳ:

Саховат, Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, «Муносиб нарсани муносиб бўлганга бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу чиройли хулқларнинг асосийларидан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир».

Сахийнинг Аллоҳга яқинлиги масофа маъносида эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик деб тушунилади. Зеро, Аллоҳ таолога макон ва замонни нисбат бериш жоиз эмас.

Одамларга яқин бўлиши деганда, уларнинг муҳаббати, ҳурмати ва эъзози каби маънавий яқинлик кўзда тутилган. Мазкур ўринда ҳам макон жиҳатидан яқинлик мақсад қилинмаган.

Жаннатга яқинликдан мурод масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қийинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали билан биридан узоқлашиб, иккинчисига яқинлашади.

Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Олимлар хайр­ли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини баён этганлар.

Имом Ғаззолий айтади: «Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга аҳамият бермаслик самарасидир. Мевага айтилган мақтов, шуб­ҳасиз, уни етиштирган дарахтга тааллуқли. Сахийлик – ҳақиқий тавҳид ва чин таваккулга эришиш натижаси. Яъни Аллоҳ таолонинг садақа билан мол камайиб қолмаслиги, бирга ўн баробар қайтаришига ваъдаси ва бандалар ризқини Ўз зиммасига олгани ҳақидаги кафолатига ­самимий ишончдан туғилади. Булар эса, ҳадисда ишора қилинганидек, тавҳид дарахтининг меваларидир.

Бахиллик ширкдан туғилади. Бу эса сабабларга боғланиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир».

Яна уламоларга кўра, бу ерда кўзда тутилган сахий закот ва бошқа садақаларни бериш билан Аллоҳ таолонинг буйруғини бажарган; Унинг махлуқотларига шафқати туфайли молидан бериш билан ёрдам қўлини чўзган бўлади. Бундай киши Аллоҳга ҳам, инсонларга ҳам яқиндир. Мақоми жаннатдан бошқа ер бўлмайди. Бунга зид иш қилганнинг оқибати эса айтилганларнинг акси бўлади. Шу сабабли ҳадисда таъкидланганидек, Аллоҳ таоло жоҳил сахийни обид бахилдан кўпроқ яхши кўради.

Манбалар асосида Содиқ Носир тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  1625 марта кўрилган