«Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар.Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир»(Анфол, 2-4).

Бу ояти карималарда банданинг «ҳақиқий мўмин» дея васф қилинишига ва Аллоҳ таолонинг мақтову марҳаматларига сазовор бўлишига сабаб бўладиган сифатлардан бир нечтаси баён этилган. Биринчи оятда ана шу сифатлардан учтаси келтирилган: Аллоҳдан қўрқиш, имон зиёда бўлиши ва таваккул.

Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва олий сифатлари зикр қилинганида қалблари қўрқувдан титрайди. Бунга сабаб имонларининг қуввати, Парвардигорларининг амрига оғишмай итоат қилишлари ва ўзларини доимо Унинг ҳузурида тургандек ҳис этишларидир.

Оятдаги «қўрқинч»дан мурод Аллоҳнинг азобидан қўрқувдир. Бошқа ояти каримада: «...қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлар...» (Раъд, 28), дейилган. Бу икки ҳолат бир-бирига зид эмасми, деган савол туғилиши мумкин. Йўқ, қалбнинг қўрқиши ва ором олиши бир-бирига зид эмас. Зеро, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга яқиний имонлари боис Ундан қўрқсалар ҳам, руҳлари ҳаловатда ва сакинатда бўлади.

«...Унинг оятлари тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган...» Аллоҳнинг каломини эшитганларида ёки ўзлари тиловат қилганларида унинг беназир балоғати ва илоҳий тароватидан имонлари зиёда бўлади. Мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига кўра, имон яхлит бўлиб, ортмайди ва камаймайди. Демак, имоннинг ортиши, деганда унинг нури зиёда бўлиши, деб тушунилади.

«...Парвардигорларигагина суянадиган...». Яъни Аллоҳдангина мадад кутадилар, эҳтиёжларини фақат Ундан сўрайдилар. Барча ишларида Ўзига таваккул қиладилар.

«Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар». Яъни, бўйинларидаги фарз намозларни тўкис адо этадилар ва уларга ризқ қилиб берилган молдан закот, садақа, ҳаж каби хайрли ўринларга сарфлайдилар.

«...Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир...» Мазкур сифатларга эга бўлган мусулмонгина «ҳақиқий мўмин» номига лойиқдир. Ҳасан Басрий (р.а.)дан бир одам: «Сиз мўминмисиз?» деб сўраганида бундай жавоб берган эканлар: «Мўмин икки хил бўлади. Агар сиз Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига, жаннатга, дўзахга, ўлгандан кейин қайта тирилишга ва ҳисоб кунига бўлган имонимни сўраётган бўлсангиз, мен мўминман. Лекин Аллоҳ таолонинг «...Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир», деб тугайдиган оятларидаги мўминлик ҳақида сўраётган бўлсангиз, Худо ҳаққи, мен ўшаларданманми, йўқми, билмайман».

«...улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир». Ана шундай ҳақиқий мўминлар Аллоҳ таоло ҳузурида улуғ мақомга эгадирлар ва улар гуноҳлари кечирилган ҳолда жаннатларда олий мартабаларга эришадилар.

Ибн Хатиб бундай деган эканлар: «Ҳар бир мўмин бу ояти карималарни ўқиб, фикр қилсин ва ўзини текшириб чиқсин. Агар ўзини ушбу сифатларга эга деб билса, Аллоҳ таолонинг берган лутфу эҳсонидан қувонсин. Борди-ю ўзини бошқа водийда, мазкур сифатларни бошқа водийда кўрса, унда марҳамати чексиз ва шафқати ҳадсиз Парвардигордан қалбини тозалаши, имонининг нури ва таваккулини орттиришини ҳамда намозларни ўқиб, закотларни беришга муваффақ этишини сўраб ёлворсин. Чин дилдан, ихлос билан сўраса, иншааллоҳ, ана шу бахтиёр инсонлар даражасига эришади».

Аллоҳ таоло ҳаммамизга Ўзи мадҳ этган ҳақиқий мўминлик даражасини насиб этсин!

Тафсир китоблари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  1980 марта кўрилган