Сўзбоши

Болалигимизда бирор байрам хабарини эшитсак, кун санаб кутардик айёмни. Ҳар кеча байрамгача бўлган яна бир кун тугаётганига, ҳар тонгда қувончли дамларга яна-да яқинлашганимизга севинардик. Бугун улғайдик, аммо болаликдаги рангин туйғулар, байрам соғинчлари ҳали-ҳануз кўнгилда. Фақат анча теранлашган, тиниқлашган...

Бугун уч ойлар мавсумидамиз – мўмин дилларнинг уч ойлик байрами. Ахир, бу кунларга етгунча энтикканларимиз, илоҳий раҳмат-мағфират ёмғирлари дил ғуборларимизни ювадиган хайрли онларни соғинганларимиз рост-ку!

Гарчи аксарият дунё юмушлари билан машғул бўлсак-да, бутун вужудимиз, қалбимиз ила илоҳий раҳматга умид боғлаб, гуноҳларимиз кечириладиган мавсумга кўз тутганларимиз ҳам бор гап-ку!

Кўпинча фойдасиз сўзларга ишлатадиган тилимиздан Ўзи билан ёлғиз қолган тунлару тонгларда «Бизни муборак ойларга етказ», деган самимий дуолар чиқмадими?

Дунё матоларига термула-термула чарчаган кўзларимизнинг кечалари кўкка умид-ла боқиб, байрамнинг бошланиши – ражаб ҳилолини қидирган дамлари бўлмадими?

Рағоибни, Бароатни, Меърож, Қадр кечаларини кутмадикми?..

Соғиндик, кутдик, дуо қилдик ва бугун етдик уч ойлар мавсумига.

Энди биздан лозим бўлгани бу кунларни нега кутганимизни унутмаслик, уларни қадрлаш, файзидан баҳраманд бўлишга саъй қилмоқдир.

Зуннун Мисрий таъбирлари билан айтганда, «Ражаб – уруғ қадаш, Шаъбон – суғориш, Рамазон эса ҳосил йиғиш палласи». Биз уруғни ихлос ила экиб, суғоришга диққатли бўлайликки, олган ҳосилимиздан кўзу кўнглимиз қувнасин. Бу қутлуғ онларни намоз, рўза, Қуръон тиловати, дуо, инфоқ-эҳсон, яқинларимизга силаи раҳм, барчага бирдек меҳру муҳаббат каби мўминга хос амаллар ила чин маънода байрамга айлантирайлик.

«Ирфон»нинг ушбу сони кўнглингизга, хонадонингизга байрам туҳфаси ўлароқ кириб борсин, дея ният қилдик. Ўтган сонда айтганимиздек, бу гал «Мўминга хос сифатлар» мавзуига кўпроқ тўхталдик. Зотан, яқинда кириб келган мавсум – ёмонликлардан воз кечиб, яхшиликларга одатланиш, ибодат, дуо, тавба-истиғфорга ҳар дамгидан ҳам ҳарис бўлиш билан имонимиз қувватланадиган фурсат. Қўлидаги яхши имкон ва фурсатларни бой бермаслик ҳам мўминга хос.

Барчамизга бу дамлар қутлуғ бўлсин! Умримизнинг байрам кунларини қалбу вужудимиз ила яшаб ўтиш насиб қилсин. Эккан уруғларимиздан унган мевалар икки дунёмизга татисин.

Аллоҳ бизларга Ражаб ва Шаъбонни муборак қилсин, бизларни Рамазонга етказсин!

Таҳририят

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  1832 марта кўрилган