Бандаман... баъзан билиб, баъзан билмай яқинларимни, ён-атрофдагиларимни ранжитиб қўяман. Баъзан кибр отига миниб, ўзимни ҳаммадан ақллироқ, тақводорроқ, кучлироқ ҳис этаман. Кейин... тавба қиламан, бироқ яна хатоларга йўл қўявераман.

Устозларим «инсон» арабча «нисян» сўзидан олинган бўлиб, «унутувчи» маъносида келади, деб таълим беришган эди. Дарҳақиқат, унутгувчи – ўзининг банда, ожиз эканлигини, ҳисобсиз неъматлар қадрини...

Энг улуғ неъмат – умр ўтиб бораётганини билсам-да, билмасликка оламан, худди ҳали узоооқ яшайдигандек. Чексиз орзуларга бериламан – ҳаммаси дунё билан боғлиқ...

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Абдуллоҳ ибн Умарга берган тавсиялари ёдимга тушади: «Саҳарда уйғонар экансан, оқшом орзусини қилма! Оқшомга етганингда саҳар орзусини қилма! Ҳаётингдан ўлим учун, соғлигингдан хасталик учун улуш ажрат. Чунки, эй Абдуллоҳ, эртага қандай ном олишингни билмайсан».

Инсон дунёга келганида қулоғига азон айтилади.

Дунёдан ўтганида тобути узра жаноза намози ўқилади.

Не ажабки, ҳаёт азон ва намоз оралиғидек муддатча экан.

Демак, обдон ўйлашга тўғри келади: энг юксак неъмат – ҳаёт, ўтган, ўтиб бораётган умрим, азон ва намоз оралиғича қисқа муддатли сафаримда қилишим керак бўлган ишлар ҳақида. Айнан ҳозир, ўзим билан ўзим қолганимда ҳисоб бермоғим зарур ўзимга. Токи Ўзига рўбарў келганда юзим ёруғ бўлсин, енгил кечсин ҳисобим. Токи ўзимдан ўтказганларим Ўзига элтсин. Ўзига етказсин!

 

Ирода Тўрахонова

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  2838 марта кўрилган