Фитр садақаси ҳар бир озод, ўз ҳожати аслиясидан ортиқча молга эга бўлган мусулмонга вожиб. Унинг вожиб бўлиш сабаби эса, биринчидан рўза тутиш давомида йўл қўйилган баъзи хато-камчиликлар, кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Бошқа томондан, сиз берган садақа туфайли ҳайит кунида камбағал учун ҳам бошқалар қатори байрам қилиш имкони таъмин этилади. Фитр садақасининг миқдори қуйидагича:

1. Буғдойдан ярим соъ – 1460 гр.

2. Арпадан бир соъ – 2917 гр.

3. Майиздан бир соъ – 2917 гр.

4. Хурмодан бир соъ – 2917 гр. («Фатавойи Ҳиндия»).

Бу кўрсатилган егуликларнинг ўзини бериш мумкин бўлганидек, ўша қийматдаги пулини берса ҳам бўлади. Фақирлар эҳтиёжига қай бири зарурроқлигига қаралади. Бир фитр садақаси битта камбағал кишига берилади, тақсимлаб бўлмайди. Бир фақирга бирдан кўп фитр садақаси бериш жоиз. Фитр садақаси беришда ният шарт. Аммо бунинг фитр садақаси эканини айтиб ўтириш шарт эмас. Ичида ният қилиши етарлидир.

Фитр садақаси закот олиши мумкин бўлган фақирларга берилади.

Баъзи узрли сабаблар билан Рамазон рўзасини тута олмаган, нисоб миқдорида моли бўлган кишилар учун ҳам фитр садақаси вожибдир. Ўзига тўқ мусулмонлар фитр садақаси бериш билан фақир биродарларига ҳам ҳайит қувончини улашган бўлишади. Шу тариқа ҳам зиммаларидаги вазифани адо этишади, ҳам савоб олишади. Фитр садақаси Рамазон ҳайити куни ҳайит намози ўқилгунича берилиши керак. Ундан кейин берилса, фитр садақаси ўрнига ўтмайди.

Фитр садақаси рўзанинг қабули, ўлим шиддати ва қабр азобидан қутулишга васила бўлади.

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 14 июнда эълон қилинган  1228 марта кўрилган