Рамазон ойини бизга севимли қилган хислатларидан бири, унда минг ойдан хайрлироқ бўлган Қадр кечаси мавжудлигидир.

«Қадр» деб номланишидан мурод, мазкур кечада бу йилдан то келгуси йилгача бўладиган ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажрларнинг миқдори ўлчанади, белгиланади (яъни, олдиндан белгилаш, аниқлаш, тақдир, қисмат деган маъноларни билдиради.)

Баъзи уламолар «Қадр сўзи «тор» маъносида бўлиб, шу кеча тушган фаришталарнинг кўплигидан ер торайиб қолади», деган фикрни билдиришган.

Нега минг ойдан афзал саналиши эса Ибн Аббос (р.а.)­дан ривоят қилинган ҳадисда шундай келтирилади: «Инна анзалнаҳу фий лайлатил қадр» сураси нозил бўлиши муносабати билан Жаброил (а.с.) ҳузуримга келиб айтдилар: «Шамъун ибн Ғозий исмли шахс сиздан олдин яшаб ўтган эди. У имон келтирмаганлар билан минг ой урушди». Саҳобалар буни эшитиб йиғладилар ва Расулуллоҳдан: «Унинг савобини биласизми?» деб сўрадилар. У зот (с.а.в.): «Билмайман», деб жавоб бердилар. Шунда Жаброил (а.с.) Қадр сурасини келтириб: «Эй Муҳаммад, сизга ва умматингизга Қадр кечаси берилди, у кечада ибодат қилиш минг ойлик ибодатдан афзалдир», дедилар».

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: «Ким Қадр кечасида икки ракат намоз ўқиса ва саломдан кейин етмиш марта «Астағфируллоҳа таоло ва атубу илайҳи» деса, ўрнидан турмасиданоқ Аллоҳ таоло уни ва ота-онасини мағфират этади. Бир фариштага у банда учун жаннатда дарахт ўтказишни, қаср бунёд этишни ва ариқ очиб, сув оқизишни амр этади. У банда жаннатдаги ўзининг жойини кўрмагунича бу дунёдан кетмайди».

Ўролбек Мустанов тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 21 июнда эълон қилинган  2258 марта кўрилган