Рамазон ойи ёз фасли айни кучга тўлиб, авжига миниб турган пайтда бошланди. Ҳаво нон ёпишга тайёр тандирдай қизиб, жамики жонзот ўзини панага урди. Тош йўллар олисроқдан ялт-юлт этиб, сувга ўхшаб кўринади. Ойнадай жимирлаётган сув яқинлашганинг сари узоқлашади. Унинг ўрнида қуп-қуруқ, қайноқ дам ураётган тош йўл бўлади, холос. Бундай кунларда тутилган рўза ҳар доимгидан оғирроқ кечади. Кишидан катта куч-чидам талаб этади. Ёзнинг худди шундай жазирама иссиғини бошқа пайт у қадар ҳис этмаган тана энди ҳолсизликдан силласи қурийди, толиқади. Томоқ қақраб, кўз тинади. Қанийди, бирор салқин-сояда ухлаб олсанг. Афсуски, уйқу ҳам келмайди. Ҳаммасини сезиб, англаб бошдан кечириш керак.

Қирғоққа чиқиб қолган балиқдек оғзимизни каппа-каппа очиб нафас оламиз, лекин қуруқшаган ҳаво ичимизга яна ўт олиб киради. Чанқоғини қондириш учун кетма-кет шўр сув ичаётган одамга ўхшаймиз. Ҳар хил эрмак топишга, вақт ўтказишга уринамиз. Тобора секинлашиб кетаётган вақтни, унинг оғир-вазмин қадамларини эшитгандай бўламиз. Вақтга қўшилиб юрагимиз ҳам одим отади, фақат у жуда тез юради: «гуп-гуп», «гуп-гуп...» Бироқ ҳали ифторгача анча бор. Забтига олаётган кун ҳам, майдақадам вақт ҳам биз билан ҳисоблашмайди. Аммо руҳимиз баланд, юрагимиздаги комил ишонч қувватли ирода бахш этиб турибди. Саҳарликда қилган дуомиз эса тонгги шабада каби тиниқ кайфият улашади: «Бугунги Рамазон рўзасини тонгдан кун ботгунча холис Аллоҳ таоло учун тутишни ният қилдим».

Одатда, яхшилик қилган киши енгил тортади, ички севинчни туяди, анчагача ўзидан мамнун юради. Чунки у Аллоҳ йўлида холис хизмат қилди. Бундай одамга ана шу ички қониқишдан ортиқроқ лаззат йўқ. Холис ният билан оғиз бойлаган рўзадор ҳам шундай лаззатни ҳис этади, натижада унда қаноат, сабр-бардош ўзидан-ўзи шаклланади.

Инсон унутувчан, унутишга мойил. Ҳатто унутишга ҳаққи йўқ нарсаларни ҳам эсдан чиқариши мумкин. Рўза биз унутиб қўйган ё унутаёзган нарсаларни яна-тағин кўз ўнгимизга келтиради. Яшашимизни таъмин этаётган неъматларнинг қадрига етамиз. Ифторлик пайти кўзимизга дастурхондаги турфа хил егуликлар эмас, фақат сув кўринар экан, ҳаёт манбаи, энг азиз неъмат худди ана шу сув эканини чуқур англаймиз. Сув ва уни исроф қилмаслик ҳақидаги доно гаплар, гўзал шиорларни тез-тез эшитиб турамиз-у, лекин уларнинг мазмун-моҳиятини ҳозиргидек аниқ-тиниқ тушунмаймиз. Баъзида соатга кетма-кет қараб, дақиқаларни санай бошлаганимизда вақт олтинга тенглигини фаҳмлаймиз. Вужудимиз толиқиб, дармонимиз қуриганда нақадар ожизлигимизни, Яратганнинг лутфу марҳаматига қанчалар муҳтожлигимизни сезамиз. Баъзан ўзини бутун дунё­ни забт этишга, ағдар-тўнтар қилиб юборишга қодир ҳисоблайдиган одамзот нақадар ғариб ва нотавон эканини ўйлаб қоламиз. Ҳа, Рамазон ана шундай беқиёс сабоқ ойидир!

Иқрорларимиз, англаганларимиз ва тавбаларимиз сабаб ўзимиз сезган-сезмаган ҳолда руҳимиз тозаради, вужудимиз мадорсизланса-да, имонимиз куч-қувватга тўлади. Ифтор олдидан дуо қиларканмиз, нур, раҳматга ташна кўнглимиз эзгу ишонч билан қонади: «Ё Аллоҳ, Сенга имон келтириб, Сенга таваккул қилиб, Сен учун рўза тутдим. Сен берган ризқ билан рўзамни очдим. Эй гуноҳларни кечирувчи Зот! Менингбарча гуноҳларимни афв эт!» Омин!

 

Ориф Толиб

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  1739 марта кўрилган