Ибн Ҳалликон юқоридаги ҳикояни шундай давом эттиради: «Бу йил Шомга Авс қабиласидан баъзи кишилар келди. Ораларида кўзи ожиз одам ҳам бор эди. Валид ибн Абдулмалик ундан қандай кўр бўлиб қолганини сўради. У киши жавоб берди: «Эй мўминлар амири! Қабиламизда менчалик моли кўп киши йўқ эди. Бир водийда тунашга тўғри келди. Ўша кеча келган сел битта туя ва янги туғилган чақалоқдан бошқа барча оила аъзоларим, молу мулкимни оқизиб кетди. Бу аснода туя ҳам қочиб бораётганини кўриб, ортидан югурдим. Шу пайт гўдак чинқирди. Ортга қайтдим, аммо бўри ҳужумига учраган боламни қутқаролмадим. Кейин яна туянинг ортидан бордим, энди етдим деганимда, юзимга шундай зарб билан тепдики, икки кўзим ҳам кўр бўлди. Бир кечада ҳам оилам, ҳам мулким, ҳам кўзларимдан айрилдим...»

– Бу кишини Урва ибн Зубайрнинг олдиларига олиб боринг, – деди халифа. – Инсонлар орасида ундан ҳам каттароқ балога дучор бўлганлар борлигини кўрсин.

Урва ибн Зубайр Мадинага қайтгач, Аллоҳга ҳамд келтирди: «Раббим! Менинг икки қўлим ва икки оёғим бор эди. Оёқларимдан бирини олдинг, бирини менга қолдирдинг. Сенга ҳисобсиз ҳамду санолар бўлсин. Валлоҳи, Сен бир нарсани оласан, яна зиёда неъматлар ато қиласан; Бир бора мусибатга дучор қилсанг, минг бора офият берасан».

Бу ҳикоя қуйидаги сўзларни ёдга солади: «Сабр билан мусобақа бошлади, сабр ундан ёрдам сўради. Собир киши эса сабрга тасалли бериб: «Эй сабр, сабрли бўл!» деди».

Сабр – инсоннинг энг қийматли хазинаси. Эгасини ҳам борлик ҳам йўқлик, ҳам жафо ҳам сафо, ҳам неъмат ҳам бало таҳликасидан қўриқлайдиган ишончли қалқондир.

Сабр – барча пайғамбарлар фойдаланган ва умматларига ҳам тавсия қилган мустаҳкам зирҳ.

Сабр – имонини қўриқлаш йўлида мўмин-мусулмоннинг энг яхши қуроли; Аллоҳ таоло розилигига, улкан мукофотларга етиштирадиган улуғ хислатдир. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ифодаларига кўра «Сабр зиёдир!» – инсоннинг дунё ва охирати у билан ойдинланади.

Сабр тақдирга розилик чегарасидан чиқмасликнинг ягона йўли, имоннинг ярми, фараҳ ва саодатнинг калитидир!

Усмон Нурийдан

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  1059 марта кўрилган