Мўмин сўзи арабча «амана» феълидан олинган бўлиб, имон келтирган киши маъносини билдиради. Истилоҳга кўра, ҳадиси шарифда келтирилган имон таърифидаги хусусларга, яъни, Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қазои қадарга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига ишонган ва тасдиқ қилган инсон мўминдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Банда тўрт нарсага ишонмагунча имонли бўлмайди: Ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва менинг ҳақ йўл билан юборилган пайғамбарлигимга; Ўлим ҳақ эканлигига; Ўлимдан кейин тирилиш ҳақ эканлигига; Тақдир ҳақ эканлигига» (Термизий ривояти).

Қуръони каримда мўминлик ва мўминлар ҳақида икки юздан ошиқ оят бор. Бу мавзуга оид юзларча ҳадис мавжуд. Уларда фақат мўминнинг ишончи, яъни қалбий ҳолати эмас, айни вақтда, ибодатлари, солиҳ амаллари ҳақида сўз юритилади, бундан эса мўмин эътиқоди ва амали бир бўлган киши экани тушунилади.

«Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар. Улар закотни адо этувчидирлар. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар. Айнан ўшалар меросхўрдирлар – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидирлар» (Мўминун, 1-11).

«Мўмин одамлар жон ва молларини ишониб топширган кишидир» (Термизий ривояти);

«Бир кишининг масжид билан боғлиқлигини кўрсангиз, унинг мўмин эканига гувоҳлик беринг. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар» (Тавба, 18)» (Термизий ривояти);

«Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўрашди: «Мўмин қўрқоқ бўладими?» «Ҳа», дедилар у зот. «Мўмин хасис бўладими?» Яна «Ҳа», дедилар. Сўрашди: «Мўмин ёлғончи бўладими?» «Йўқ», жавоб бердилар Расулуллоҳ (с.а.в.)» («Муватто»).

Ушбу оят ва ҳадислардан келиб чиқсак, комил мўмин намозларини ўз вақтида, хушуъ, хузуъ билан ўқийди; Аллоҳ ва Унинг расули хуш кўрмаган фойдасиз сўз, ишлар билан маш­ғул бўлмайди; Закотни вақтида, мукаммал адо этади; Номусини сақлайди, зинодан, одобдан ташқари ҳар қандай ҳаракатдан ўзини тияди; Зиммасидаги имон ва ислом юклаган бурчлар, ўзига топширилган бошқа ҳар турли омонатга риоя қилади; Аллоҳга берган ваъдаси ва барча бошқа берган сўзлари, келишувларга риоя этади; Аллоҳ ва Унинг расули ҳамда барча мўминларга дўст бўлади; Мол ва жони хусусида ҳеч кимга зарар бермайди; Масжидларни обод қилади; Ёлғон гапирмайди, ўз фойдаси учун ҳақиқатни яширмайди.

Мўминнинг сифатлари юқорида санаб ўтилганлар билан чекланмайди. Диққат қилсак, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда васфи келтирилган мўмин фақатгина имон келтирдим, деган киши эмас. Балки қалбидаги имонга иқрор бўлиб, буни ҳаётига ҳам татбиқ қилган инсондир. Бу борада Қуръони карим шундай огоҳлантиради: «Одамлар: «Имон келтирдик», дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! Биз улардан олдинги (имонли) кишиларни синаган эдик-ку! Бас, (шу синов билан ва усиз ҳам) албатта, Аллоҳ (имонда) содиқ кишиларни билур ва (шунингдек,) ёлғончиларни ҳам аниқ билур» (Анкабут, 2-3).

Аллоҳ таоло барчамизга чин мўмин бўлиб яшамоқ ва ҳузурига бормоқ саодатини насиб этсин!

 

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  1109 марта кўрилган