Тўй тараддудида юрган холам бу галги ташрифида тўйни бир ҳафта кечиктиришга қуда тарафни аранг рози қилганини айтиб қолди:

– Бир ҳафта олдин ё кейин, нима фарқи бор, ҳайронман. Кўндиргунимча она сутим оғзимга келди. Биз буюртма қилган мебел беш кун кечикаркан. Куёвникига олиб бориб ўрнатишга эса бир кун вақт кетади.

– Мебелни деб қудаларинг билан орангга совуқчилик тушмасин-да, – деди онам.

– Қўяверинг, мебелларни кўргандан кейин ҳаммасини унутишади.

– Бошқа ҳамма нарса тахтми?

Холам ҳамма сарполар тайёрлигини айтиб, бирма-бир мақтай кетди. Рости гап, холам йиққан сарполарга жуда ҳавасим келди. Аммо онамнинг юзларидаги норозилик ифодасини кўриб, мен ҳам, холам ҳам ажабландик.

– Сингилжон, сен тўйни яна бир ойга кечиктирсанг арзийди, – деб қолди онам.

– Вой, опа, мен қанча пул сарфлаб қилган сарполарни назарга илмаяпсизми?

– Куйиб-пишганларингни кўриб, қиз бола учун, ҳар бир инсон учун энг муҳим нарсаларни биласан деб ўйлагандим. Сарпо йиғишни эзгу ниятлар билан сандиққа жойнамоз солишдан, Қуръони карим олишдан бошлаш керак.

– Ҳа, опа-я, шу ҳам муаммо эканми? Топамиз, оламиз, сандиққа ҳам соламиз, – бепарво кулди холам.

– Топиш, олиш муаммо эмасдир, лекин қизинг Қуръон ўқишни билмаса...

Холам бир пас жим ўтирдилар-да, индамай туриб кетиб қолдилар. Ўзимча оғриндим. Онам холамни беҳуда ранжитди деган ўйда эдим.

Эртаси кун тушга яқин холамнинг узатилаётган қизи уйимизга қўлида Қуръон билан кириб келди.

– Холажон, тўйгача сизларникида турсам майлими?

– Ие, келинпошша, – кулдилар ойим. – Тўйга ким тараддуд кўради?

– Емай, ичмай, ухламай бўлса ҳам, тўйгача Қуръон ўқишни ўрганишим керак.

– Баракалла, – дея онам жиянини бағрига босди.

Кечаги ўринсиз ўйимдан уялиб кетдим...

Онам келин бўлажак жиянига ҳадя қилиш учун сандиқни очди. Хола-жиян рўмол танлашаётганида аста сандиққа мўраладим. Тугунларнинг устида иккита жойнамоз, бирининг устида оқ, яна бирида яшил муқовали Қуръони карим турарди. Эътибор бериб қарасам, бирига менинг, иккинчисига укамнинг исми ёзилган қоғоз қистирилган экан...

Ўшанда мен эндигина еттига киргандим. Онамнинг холамга берган танбеҳлари моҳиятини эса кундан-кун, йилдан-йилга теранроқ англаб боряпман.

Хуршида Аҳмаджон қизи

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  2074 марта кўрилган