Бир киши ҳазрат Умар (р.а.)нинг ҳузурларида бир масалада гувоҳлик берди. Ҳазрат Умар эса:

– Мен сени танимайман, сени танийдиган бирор киши келсин, – дедилар. Ўша ердагиларнинг бири: «Мен бу одамни танийман», деб қолди.

– Қай даражада танийсан? – сўрадилар ҳазрат Умар.

– Ишончли ва одил одам сифатида биламан.

– Кечаси-ю кундузини қандай ўтказишини биладиган даражада яқин қўшнингми?

– Йўқ, – жавоб берди бояги одам.

Ҳазрат Умар сўровни давом эттирдилар:

– Инсоннинг тақвоси муомала-муносабатида аён бўлади. Бу одам билан бирор хусусда олди-берди қилиб турасанми?

Бояги киши яна: «Йўқ», деди.

Ҳазрат Умар савол бердилар:

– Бу одам билан кишининг ҳақиқий хулқини билишга имкон берадиган бирор сафарга чиқдингми?

Яна «Йўқ», деган жавоб бўлгач, ҳазрат Умар: «Унда сен бу одамни билмас экансан», дедилар ва гувоҳликка ўтган кишига:

– Сени танийдиган бошқа бирортасини олиб кел, – деб топшириқ бердилар...

Демак, инсоннинг қандай эканлиги яқин қўшничиликда, олди-бердидаги муомаласида ёки сафарда билинади. Бу асло ҳаммадан ёмон гумон қилиш керак дегани эмас. Улуғларнинг ҳассосияти ҳам шундай бўлган аслида, улар ўзлари амин бўлган нарсанигина бошқаларга етказишган. Бу борада ҳар недан ҳам қатъийроқ парҳез қилишган. Улардан қолган тенгсиз меросларнинг яшовчанлиги, умрбоқийлиги сабаби ҳам шу...

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 13 июнда эълон қилинган  1499 марта кўрилган