Имом Аъзам тижорат билан шуғулланганлари, жуда бадавлат инсон бўлганликлари маълум. Бу улуғ зот пешингача талабаларга дарс берар, пешиндан кейин эса тижорий ишлар билан машғул бўлардилар. Бир куни дарс пайтида масжид эшигидан кимдир овоз берди:

– Ҳазрат, кемангиз чўкиб кетибди (у зотнинг мол ташийдиган кемалари ҳам бўлган)!

Имом Аъзам бир онлик тараддуддан кейин:

– Алҳамдулиллаҳ, – дедилар.

Бир оздан кейин яна бояги одам янги хабар келтирди:

– Адашибмиз, ҳазрат, чўккан кема бошқасиники экан.

Имом Аъзам бунга ҳам боягидек жавоб бердилар. Хабар келтирган одам ҳайратда қолди:

– Ҳазрат, кемангиз чўкканини айтдик, «Алҳамдулиллаҳ», дедингиз. Чўккан кема сизники эмаслигини эшитиб ҳам, шу жавобни бердингиз. Сабаби нима?

Имом Аъзам изоҳ бердилар:

– Кемамнинг чўкиб кетганини эшитганимда қалбимга назар ташладим. Дунё молини йўқотиш сабабли озгина бўлса ҳам қайғуни кўрмадим. Бунинг учун Аллоҳ таолога ҳамд айтдим. Чўккан кема меники эмаслигини билганимда ҳам шундай қилдим; дунё молини қўлга киритиш сабабли заррача қувонч йўқ эди. Бу сафар қалбимни дунё матосига ҳирс қўйишдан муҳофаза қилгани учун Аллоҳ таолога ҳамд келтирдим, шукр айтдим.

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 13 июнда эълон қилинган  1085 марта кўрилган