Одам боласи ҳаловатга ўч, машаққатга мўрт. Ҳаёт эса фақат ҳузурдан иборат эмас, муаммолари бисёр, ташвишлари мўл. Шундай пайтлар бўлади, ҳатто ўлим яхшидек туюлади. Ҳолбуки, ўлим қутулиш дегани эмас. Тириклик мазмуни синовларда эканини унутмаслигимиз зарур. Зотан, ибодат қилиш, ҳаромдан қочиб, ҳалол яшаш, эзгу ишларни амалга ошириб, савоб қозониш имконияти тирик одамга хос.

Саҳобийларнинг буюкларидан бўлган Абу Талҳа (р.а.)нинг эшиги меҳмонлар учун доим очиқ эди. Уйидан одам узилмасди. Бир куни бу хонадонга Бани Узра қабиласидан яқиндагина мусулмон бўлган икки тенгдош йигит келди. Улардан бири жуда жасур ва довюрак эди. Меҳмонлар ўша кеча ётиб, тонгда чиқиб кетишди. Бир неча кундан сўнг Абу Талҳа (р.а.) жасур йигит жангда ярадор бўлиб, вафот этганини, орадан бир йил ўтгач, унинг шериги ўз уйида ўлим топганини эшитди.

Абу Талҳа тушида икки йигитни жаннат эшиги олдида кўрди. Жаннатга олдин уйида вафот этгани, сўнгра жангда яраланиб, ҳалок бўлган шериги чақирилди. Абу Талҳа уйғонгач, тўғри Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бориб тушини айтиб берди. Кейин сўради:

– Ё Расулуллоҳ, аввал ярадор бўлиб ўлганни, ундан кейин уйида вафот этганини чақиришгани тўғри бўлмасмиди? Бунинг ҳикматини тушунтириб беринг.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) табассум қилдилар:

– Эй Абу Талҳа, бунда ҳайрон қоладиган ҳеч нарса йўқ. Бир йил сўнгра вафот этгани ўзидан олдин ўтган йигитдан кўра кўпроқ ибодат қилишга эришмадими? Ундан кўра кўпроқ рамазон рўзасини тутмадими? Қурбонлик қилмадими? Ҳажга бормадими? Дин учун хизмат қилган кунлари уникидан кўпроқ бўлмадими? Бу амалларнинг барчасини кўпроқ яшагани бажармадими? Шундай экан, жаннатга аввал чақирилишига сабаб яшаган кунларидаги солиҳ амалларидир...

Биз эса ожизлигимизга бориб ҳаёт машаққатларига ўлим чек қўяди, деб ўйлаймиз. Шундай инсонлар бор, йиллар давомида қийналади: қай бири оғир касаллик, қай бири ўта фақирлик, яна қай биридир турфа йўқотишлар ичра. Бу синовлари уларнинг ўзи учунгина эмас, атрофидагилар учун ҳам имтиҳондир...

...Аёл хасталаниб, ўн икки йил бир жойда ётди. Бу муддат нафақат у, балки оила аъзолари ва атрофидагилар учун ҳақиқий инсонийлик синови бўлди. Кимдир ёруғ юз билан ўтди бу имтиҳондан, яна кимдир...

«Феъли жуда ёмон эди, шунинг учун Худо бу аёлни жазолади», деди бир тоифа кишилар. «Яхши аёл эди, ҳеч кимга озор бермасди. Бу касаллик унга Аллоҳнинг синови, иншааллоҳ, хасталик сабаб гуноҳлари мағфират қилинса», дейишди бошқалари. Қизлари бу каби гапларни эшитиб, йиғлаб айтиб беришганида аёлнинг жавоби доимо сукут ва қизларини сабрга чақириш бўларди. Ўзи эса... шу қадар гўзал сабр қилдики, касаллик сабаб йиллар давомида азоб-уқубат чекаркан, бирор марта «менинг айбим нима, нега бунча қийналяпман?» демади. На сўзи, на ҳаракатлари билан Яратганга исён қилмади. Ибодатларини ётган жойида бажара олаётганига хурсанд, доимо шукрда бўлди.

Аёл ўлимидан бир ҳафта олдин бутунлай гапирмай қўйди. Касалликнинг ўн иккинчи йили 63 ёшида дунёдан ўтди. Тилдан қолган, икки кундан бери кўзларини очишга ҳам мажолсиз хаста бир неча сонияга кўзларини катта-катта очди ва атрофга шошилиб, ҳайратланиб қаради. Атрофида ўтирган эри ва болаларига эмас, қандайдир бошқа оламни томоша қилаётгандек ён-атрофга табассум билан назар ташлади. Сониялар ичида чуқур нафас олди ва жилмайганича бу оламни тарк этди.

Юзидаги сирли табассум ювилиб кафанланганидан ке­йин аёл юзига ажиб чирой бахш этди. Гўё йиллар давомида касал ётмаган, азоб тортмагандек эди. Олтмиш уч яшар аёл ёш, чиройли қиздай кўринарди...

Зеро, аёл синовлар Аллоҳ розилигига элтгувчи йўл эканини билиб; умр тугаши билан синовлар ҳам ниҳояланиши, аммо қанча машаққатли бўлмасин тириклик савоб йиғиш учун катта имконият эканини англаб яшаган эди.

Хулоса эса, ҳаётнинг ҳар они ғанимат. Ҳар биримиз ўз ҳолатимиздан келиб чиқиб солиҳ амаллар қилсак, яъни, бой ўз мулкини ҳалол йўлга сарфлаш, камбағал Аллоҳ берганига қаноат, бемор одамлар дардга сабр, соғлом кишилар эса қувватларини яхши ишларга сафарбар этиш билан ҳаётимизни ўтказсак, не бахт!

 

Сурайё Муроджон қизи

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 13 июнда эълон қилинган  1321 марта кўрилган