«Солиҳ сиймолар соғинчи»! Мавзуни ўқишим билан хаёлимга биринчи ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг табаррук номлари келди! Бу исмни эшитганда кўнглим мумдек эрий бошлайди. У зот ҳақидаги китобларни такрор-такрор мутолаа қиларканман, қалбим тирилаётганини ҳис этаман. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) қулликдан озор чекаётган мусулмонларга ёрдам берганларини ўқиб шодликка тўламан. Гўё бу савоби улуғ ишни энг яқин кишим қилгандек! Ўрнак олиб, мен ҳам беминнат хайр-эҳсон қилишни истайман. Аммо... доим ҳам қўлимдан келавермайди. Бировга ғаразсиз ёрдам бериш, яхшиликни қилу дарёга от, балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар, қабилида иш кўриш ҳам аслида юксак имон ҳосиласи эканига амин бўламан...

Ҳазрат Абу Бакр (р.а.) беҳуда гапирмаслик учун оғизларига тош солиб юрганлар. Ибрат олишга интиламан. Аммо менинг оғзимда тош турармиди? Ғийбат учун, лағв гаплар учун тошни истаган пайтим олиб ташлайман. Тилимни тийишга нимадир монелик қилаверади. Шуларни гапириб олмасам, тинчимайман. Англайман, ҳазрат оғзига тош солиб юриш учун кучни имонидан олади. Мен эса... буни уддалай олмаслигимга кўп иқрор бўлганман!

Расули акрам (с.а.в.)нинг Меърожга чиққанлари хабари кўпларнинг имонини синовдан ўтказди. Бу хабар Абу Бакр (р.а.)га етказилганда, ҳеч шубҳаланмай, ишонишларини айт­дилар – «сиддиқ» бўлдилар. Мен ҳам у зот каби дўстларимга ишонишни истайман. Ахир, дўстлик ишонч асосига қурилади. Бироқ суҳбатларини тингларканман, баъзида шубҳага бораман, қай бир гапи рост экан, деган ўй ўтади дилимдан. Ваҳоланки, гумон имондан айиради, деган ҳикматдан бохабарман. Шу аснода яна бир ҳикматни англайман: у зоти шарифнинг ўзларида илоҳий раҳмат, юксак имон туфайли шаклланган фазилатлар бисёр бўлган. Менинг феълимда эса... Ўзимда ёлғон бўлгач, бошқаларга қандай ишонай?!

Хуллас, у зот ҳақларида ўқиб, ўйлаб, ўз-ўзимни тафтишдан ўтказаман, қусурларимни камайтиришга ҳаракат қиламан. Шунда ўтган солиҳ зотларни мангу сўнмас маёққа ўхшатгим келади. Қанча асрлардан сўнг ҳам улар сиймоси кишиларга ибрат бўлади, тўғри йўлга йўллаб туради.

 

Нигора Абдумухтор қизи

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 13 июнда эълон қилинган  1116 марта кўрилган