У ғазабланарди. Қаршисида турган одамга қичқираркан, юзлари гезариб, бўйин томирлари бўртиб кетган, товуши таҳдидли эди. Бу ҳол Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг диққатларини тортиб, ёнларида турганларга юзландилар ва хотиржам, ёқимли оҳангда дедилар: «Мен шундай ибора биламан, уни айтганда инсондаги ғазаб дарҳол сўнади. Агар шу одам «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим» деса, ундаги ғазаб қайтади». Буни эшитган саҳобалар дарҳол бояги одамнинг олдига бориб, шайтонга қарши Аллоҳдан паноҳ сўраши, яъни, «Аъузу» ва «Бисмиллаҳ»ни айтиши кераклигини етказишди. Лекин у: «Мен буни қиладиган аҳмоқ эмасман-ку!», дея эътироз билдирди (Имом Бухорий ривояти).

У одам ростдан ҳам аҳмоқ эмасди. Буни Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам билардилар. Аммо ғазаби уни ақлдан оздираёзганди. Ўзини назорат қилолмайдиган, соғлом фикр юритолмайдиган ҳолга келганди. Яъни, шайтон измига деярли тушиб бўлганди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг бундай чорасиз аҳволини кўриб, Аллоҳга сиғиниб, шайтондан узоқлашишини, ғазаб оқибатида рўй бериши мумкин бўлган пушаймонликнинг олдини олишни истагандилар, холос.

Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ғазаб шайтондандир. Шайтон оловдан яратилган. Оловни сув ўчиради. Ғазаблансангиз, таҳорат олинг», дея ғазабнинг шайтон билан ҳамоҳанглигини таъкидлаганлар (Абу Довуд ривояти).

Ғазаб инсон ақлини заифлаштириб, кутилмаган ва ачинарли хатти-ҳаракатларга ундайди. Ота-боболаримиз бежиз «Жаҳл келганда ақл кетади», дейишмаган.

Аслини олганда, ғазаб – инсоний туйғуларидан бири. Яъни, Аллоҳ берган ҳиссий неъмат. Инсоннинг моли, жони, орияти, яқин кишиларига қарши хатти-ҳаракатлар қилинганда табиий равишда қўзғолади ва юқоридаги ҳолатларни бартараф этишга ундайди. Бироқ ғазабнинг Аллоҳ томонидан бизга неъмат сифатида берилганлиги бутунлай унинг измига тушиш мумкинлигини англатмайди. Зеро, у чегаралай билиш керак бўлган ҳис. Акс ҳолда, ғазабланган киши ҳам, унинг атрофидагилар ҳам бундан азият чекишади. Гапнинг индаллоси, ғазаб – мисоли олов. Инсон унга муҳтож. Аммо меъёридан ортиб, назоратимиздан чиқиб кетса, ўзимизни, бошқаларни ҳам ёқиб, кул қилади.

 

Шоакмал Исроилов тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 13 июнда эълон қилинган  959 марта кўрилган