Оқшом кирди, кун ботди, тун ортидан тонг отди. Умримизнинг яна бир йили сувдайин оқди-кетди.

Борлиқда – куз, йил бўйи бажарилган ишлар сарҳисоб қилинадиган, ҳосил йиғилиб, натижалар кўриладиган пайт. Остонада – муҳаррам, ўтган бир йилнигина эмас, ортдаги бутун умримиз, қилган амалларимизни кўздан кечиришга бебаҳо фурсат. Олдинда Аллоҳ таоло белгилаганча яшамоғимиз лозим бўлган муддат. Муҳаррам – яхши амалларимиздан кибрланмай, кўнглимиз ёғдуга тўладиган, ёмон ишларимиздан пушаймон бўлиб, тавба-тазарру қиладиган сарҳисоб онлари.

Яна бир сана ўтди, яна муҳаррамга ким етмади, ким етди. Бахтли у одамки – муҳаррамга етиб, сарҳисоб қилмоқ, шукру тазарруда бўлмоқ, ибодат қилмоқ саодати унга насиб этди.

Ўтган сана шунчаки кунлар йиғиндиси эмасди асло. Олдда ҳам шундайин йил бошланар, лаҳзалари бебаҳо. Унда қутлуғ ойлар – зулҳижжа, ражаб, шаъбон, рамазон. Унда муборак кечалар – Рағо­йиб, Исро, Бароат, Қадр – минг ойлардан хайрли имкон. Дуо қилайлик – бу кунлар хайру баракотидан баҳраманд бўлмоқ барчамизга насиб этсин, раҳмату мағфират сўраб қилган дуоларимиз ўтган муслиму муслималарга бориб етсин.

Бошланаётган янги сана барчамизга муборак келсин!

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 22 сентябрда эълон қилинган  726 марта кўрилган