Ёзнинг иссиқ, қуёшли дамлари ортда қолди. Биз хазон фасли деб атайдиган кузнинг шамол ва ёмғирлар билан ўтадиган, қуёш доим ҳам юз кўрсатавермайдиган кунлари руҳиятимизга таъсир қилади. Ёз кайфиятимизга бахш этган қувонч ўрнини ҳорғинлик, тушкунлик эгаллайди.

Ҳар бир фаслнинг инсон руҳиятига ўзига хос таъсир кўрсатиши бор гап. Шунга кўра, куз ҳаёт, борлиқ, кеча, бугун ва эртанги кунлар ҳақида эзгин хаёлларга сабаб бўлади. Зотан, бунга борлиқдаги ўзгаришларга уйғун қўшиқ ва шеърлар, тақвим варақларидаги мавсум тасвирлари ҳам қўшилиб, бизни чалғитади. Натижада, ўзимизни ўзимиз маҳзунликка, эзгин кайфиятга тайёрлаб, кўниктириб борамиз.

Ваҳоланки, куз табиатнинг янгиланиб олиши учун бебаҳо фурсат. Руҳиятимиз ва вужудимиз қишнинг рутубатли ҳавоси, қаҳратон кунларига яна-да бардошли бўлиши учун ажойиб имконият. Афсуски, бошқа фаслларда ҳам ҳаётимизда юз берган, берадиган нохуш ҳолатларга кузда бошқача, оғирроқ маъно берамиз. Бу эса тушкунлик кайфиятини кучайтиради, вужудимизга ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди, албатта. Натижада:

Ҳаётдан завқ олмаслик;

Ўзини айбдор ва кераксиз ҳис қилиш;

Ҳорғинлик, ҳолсизлик ҳисси;

Оғриқ шикоятлари;

Ейиш борасида иштаҳасизлик ёки аксинча;

Уйқусизлик;

Йиғлаш истаги;

Кўнгил ғашлиги;

Ижтимоий ҳаётдан узилиш истаги;

Давомли хафалик ҳамроҳимизга айланади.

Бу борада мутахассисларнинг тавсиялари шундай: энг олдин ҳаётга қарашингизни ўзгартиринг. Тўғри, ишингиз ёки оилангизда нохуш ҳолатларга дуч келишингиз мумкин. Буларни енгиб ўтиш учун эса улар ҳақида давомли ўйлайверишдан қочинг, булар синов бўлиб, сўнгида яхшилик кўзлангани ҳақида тафаккур қилинг. Қуёшли ҳавода сайр қилишни кўпайтиринг ва бунинг ҳам жисмингиз, ҳам руҳингизга қувват беришини ёдда тутинг. Овқатланишга эътиборли бўлинг, кайфиятингиздаги «бўлаверади» қоидасига риоя қилиб пала-партиш таомланманг. Олтин фасл неъматлари – мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг. Қанчалик ёлғизликни истаманг, оилангиз ва дўстларингиз билан бирга бўлишдан қочманг. Атрофга диққат билан боқинг – алвон ранг япроқлар, ёқангизни кўтаришга, кийимларингизга янаям яхшироқ ўраниб олишга мажбур қилаётган ёмғир томчилари, шамол – ҳаммасида ҳаёт, тириклик манзаралари. Буни фақат ҳис қилсак, тириклик, яшашнинг қадрига етишни ўргана олсак, кифоя...

 

Викторина

1. Аллоҳ таолони бирор ерда деб бўладими? Агар бўлса У қаерда?

2. Имом бажармаса муқтадий ҳам бажармайдиган беш амал қайсилар?

3. Қуръондаги қисқа сураларнинг умумий номи нима?

4. Фиқҳий масалаларга кўра таснифланган ҳадис тўпламлари қандай номланади?

5. Амир Темур билан кўришган машҳур калом олими ким?

Ушбу саволларга 2011 йилнинг 15 октябрига қадар жавоб йўллашингиз керак бўлади;

Жавобларни ушбу саҳифа ортидаги купон билан юборишингиз лозим;

Мазкур купонсиз ёки унинг нусхаси билан юборилган жавоблар қабул қилинмайди;

Уч нафар ғолиб қуръа ташлаш асосида аниқланади ва уларнинг ҳар бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг 30000 сўмлик «Ҳикматли дунё» туркум видео-аудио кассета ва дисклари, ҳамда китобларига эга бўлади.

Манзилимиз: Тошкент-69, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-а уй.

«Ирфон» тақвимига, деб ёзишни унутманг.

 

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган  4029 марта кўрилган