Зайниддин Абул Фазоил Исмоил ибн Ҳусайн ал-Журжоний ал-Хоразмий улуғ олим ва замонасининг энг машҳур табибларидан бири ҳисобланарди. Аллома 1042 йилда Журжон шаҳрида туғилган бўлса ҳам, умрининг кўп
қисмини Хоразмда ўтказганлигидан ал-Хоразмий деган
нисбат берилган.

Журжоний хоразмшоҳ Қутбиддин ибн Ануштегин ва унинг ўғли Алоуддавла Отсиз саройида хизмат қилган. Юнон табобати вакиллари Гален, Гиппократ, шунингдек, Ибн Сино ва Абу Бакр Розий асрларини чуқур ўрганган. Табобатга оид энг машҳур китоби «Захирайи Хоразмшоҳ»ни 1110 йилда ёзиб битирган ва уни хоразмшоҳ Қутбиддинга бағишлаган. Китоб ўн бобдан иборат.

Аллома кишилар мизожи, унинг умр давомида ўзгариб туриши ва ўлими табиийлигини илмий жиҳатдан содда, равон тилда тушунтирган. У инсон умрини тўрт даврга бўлади:

Биринчи давр – туғилиш, ўсиш ва парваришлаш бос­қичи, 15-16 ёшгача бўлган вақтни ўз ичига олади.

Иккинчи давр – ёшлик ва етуклик босқичи, 30 ёшгача бўлган вақт. Бундан кейин жисмонан ўсиш ва улғайиш даври бошланади.

Учинчи давр – мўйсафидлик босқичи, бу даврда инсон то 60 ёшга етгунча ёшлик қувватидан баҳра олиб яшаши мумкин бўлади.

Тўртинчи давр – киши умрининг қарилик даври бўлиб, қувватнинг сусайиши ҳолати кузатилади ва бу жараён умр­нинг охиригача давом этади.

Журжоний «Ал-хуффаи ал-аълоий» («Пояларнинг юқори қисми»), «Ат-тиб ал-мулукий», «Китоб ал-аҳрод» («Ҳасад туфайли келиб чиқадиган касалликлар»), «Китоби ёдгор» каби асарлар битган. Ёқут Ҳамавийнинг «Муъжамул булдон» асарида келтирилишича, аллома ҳижрий 531 (милодий 1136) йили Марвда вафот этган.

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган  1846 марта кўрилган