сентябр 02

Бугун бир лаҳзада бутун мол-мулким, оилам ва фарзанд­ларимдан ажралдим. Эътиборсизлик, ҳардамхаёллик билан бу ишнинг қандай содир бўлганини сезмай қолдим. Шунча бойлик, шунча мол-давлат, бутун бошли оилам ва фарзандларим... Уларга эга бўлиш учун не-не қийинчилик, жабр-ситамларга дош бермадим-а! Ҳаловатсиз кунлар, бедор тунлар, тинимсиз ҳаракатлар... Барчасидан дақиқалар ичидагина ажралдим. Улар ўрнини ҳеч нарса, ҳеч қачон босолмайди энди. Қанча ҳаракат қилсам-да, улардайини топа олмайман. Тўғри, Яратган эгамнинг даргоҳи кенг, марҳамати улуғ. Вақти келиб яна ҳаммасига эришишим, бундан-да зиёда неъматларга етишишим мумкин. Аммо... бугун йўқотганларим ўрни минг илтижо, минг тавба-тазарру билан тўлмайди. Айтинг, ахир қачон синган, дарз кетган ойна ўрни битган, қачон аламли изтироблар бутунлай унут бўлган? Улар хотираси ҳар доим кишини таъқиб қилмайдими? Энг бахтиёр лаҳзаларда ҳам уларга муҳтожлик сезмайманми, улар бўлганида умрим янада зиёда бўлмасмиди? Айниқса, энг муштоқ пайтимда, улардан бўлак ҳеч кимса менга кўмак кўрсата олмайдиган дақиқаларда нима қилишимни, дардимни кимга айтишни билмай қолмайманми?

Бугун... аср намозини қазо қилиб қўйдим. Оиласи, мол-мулки ва фарзандларидан ажралиб қолган одамдекман! Ўрни тўларми энди бугун бой берганларимнинг?..

Тавба-ю илтижоларимни қабул қил, ё Раббим!

Санжар Рустамов

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган  1231 марта кўрилган