сентябр 02

Отам менга: «Ватанни севиш керак», деди. Сўрадим: «Қандай севилади?» Ердан бир сиқим тупроқни олиб, айтди: «Мана шу эски тупроқни севгандай...»

Ўшанда бунинг маъносини англамадим. Аммо отамнинг гапида маънолар залвори борлигини билганим учун тупроққа ҳурмат пайдо бўлди. У менга сирли нарсадек туюларди. Улғайганим сари отам ҳовучини тўлдирган ўша тупроқ қадрини англаб бордим...

Дунё – эски тупроқ қадар кўҳна. Аллоҳ таоло Одам (а.с.)­ни яратмоқ учун оламни бунёд этди. Танини тупроқдан ясади. Тупроқ инсонга яшаш маскани, еб-ичиш манбаи бўлди, уст-бош кийдирди.

Инсон киндик қони тўкилган ерга ўзгача меҳр қўяди. Илк кўрганларини кўнглига муҳрлайди, Ватан деган муҳаббат томирида оқа бошлайди. Отам ҳовучидаги ўша тупроққа нисбатан уйғонган туйғу аслида Ватан ишқи...

«Эски тупроқ...» Бу сўзни айтаркан, ичимдан ҳасрат аралаш соғинч сизиб чиқади. Чунки унда йўқотишлар қайғуси, ўтмиш хаёллари, ширин ва қадрли хотиралар бор. Юрагимдаги севги бир бутун – яхлит олам ана шу хотиралар билан тўкис. Отам, онам, болам севгисига туташ Ватаним муҳаббати улкан. Уларни бўлаклаб бўлмайди, бир-бирига бақамти. Отамдан қолган иморатни, далаларни соғинаман. Онам экадиган гулу райҳонларни қўмсайман. Болалигим ўтган тупроқ кўчалар, кўм-кўк осмон остидаги кичиккина «катта» қишлоғим, кекса тут дарахти соясидаги доим сув сепилган супа, кечалари симёғочда осилган чироқдан хира нур тушадиган деворга суяниб радиокарнай тагида эртак эшитганим, қурбақалар қандай ухлашини билолмай пойлаганларим, катта ариқ бўйида ниначи-ю капалакка қўшиқ айтиб берганим, қуёш, ой билан узоқ суҳбат қурганим, энг катта юлдуз билан ўртоқ тутинганим ва отам айтган эски тупроқ нега эски эканига ақлим етмагани – бари-бари ортимдан менга меҳр билан боқади. Соғинчим ортиб кетганда эса уларни излаб манзилимга ошиқаман – ўша эски тупроқдан таскин топаман.

Ватанни севмоқ муқаддас бурч дейилади. Аслида бу туйғу бурчлигидан ҳам олдин қалбдаги айрилмас севги. Ҳар ким ўз тупроғини соғинади. Ҳар ким ўз тупроғига қўшилишни истайди. Мен ҳовучимга тўлдирган тупроқ ҳам кимларнинг­дир хоки, ахир, неча минг йиллик дунёда қанча инсон қайта тупроққа қоришди? Ўйлайман: нега уни муқаддас биламиз, нега у учун жон бериб-жон олганлар? Нега бир сиқим тупроқни деб узоқ юртлардан йўл босиб келишган, нега уни авайлаб, меҳроб ёнига қўйишган?.. Бу саволларга қалбимдан жавоб топаман – Юрак тафтини қондириш учун!

Динимизда Ватан тушунчаси муқаддас. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларида она юртлари Макка томонга бот-бот қараб, соғиниб юрганлар.

«Ватансизлик инсонни ишончсиз, юпанчсиз қилиб қўяди. Ҳар ким ўз юртида хотиржам», дейди ўзга юртларда яшаб юрган бир танишим. Доноларимизнинг: «Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл», деган гапи ҳикматини юртидан айри яшаганлардан сўранг. Хизмат юзасидан ёки тақдир изми билан бошқа диёрларда яшаб юрганлар қуёш ҳам Ватанда бошқача порлайди, унинг кўкламини ҳеч жойга таққослаб бўлмайди, дейишади. Ёки учоқдан тушибоқ, она-юрт тупроғини ўпиб, юз-кўзларига суртишади. Бу – юракдаги ўтли-ўртагувчи севгининг, ташна қалбнинг соғинчи ифодаси.

Пешонамга битилган азиз неъмат – Ватан! Кўҳна тупроқ! Тириклигимда иморат, кейин ҳам танимга маконсан! Сенда отам, онам – аждодларим изи бор. Насиб қилса, бағрингда болам, боламнинг боласи – авлодларим улғаяди. Шу ўринда ғурурим икки карра юксалади – буюклар, маърифат йўлини ёритганлар масканида туғилдим.

Ҳовучимдаги тупроқни отамдек кўзимга суртаман. Ватан севгиси балки юрагимда мукаммалмасдир, қадрини билишим учун камида отам босган йиллар изини босишим керакдир...

Зебунисо Ҳусайн

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган  1252 марта кўрилган