сентябр 02

Тўлиқ исми Зайд ибн Собит ибн Даҳҳок ибн Зад ибн Лавзон ал-Ансорий ал-Хазражий. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг илғор ансорий саҳобаларидан. Отаси Собит ҳижратдан беш йил бурун ҳалок бўлганди. Онаси – Навор бинт Молик. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларида Зайд чамаси ўн бир ёш эди. Жуда ёшлиги сабаб Расулуллоҳ (с.а.в.) унга Бадрда қатнашишга изн бермаганлар.

Зайд Расулуллоҳ (с.а.в.)га яқин инсон бўлишни истарди. У дилидагини онасига билдирди. Онаси уни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига олиб борди ва деди:

– Ё Расулулоҳ, бу – ўғлимиз Зайд ибн Собит. Қуръондан ўн етти сурани ёд олган. Уларни сизга туширилган тартибда ёдлаган. Қўл-оёғи чаққон, ўқиш-ёзишни билади. Шунинг учун ёнингизда юришни истаяпти. Истасангиз, тинглаб кўринг.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Зайдни тинглаб кўриб, тажвиди чиройли ва тили равон эканини билдилар. Қуръон калималарини диққат ва эътибор билан ўқишидан маъноларни англаётгани маълум эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Зайддан мамнун бўлдилар. Унинг чиройли хати эса, янада хурсанд қилди. У зот (с.а.в):

– Зайд, мен учун яҳудийлар ёзувини ўрган. Чунки айтаётган гапларимни тўғри таржима қилишларига ишончим комил эмас.

– Бош устига, ё Расулуллоҳ! – деди Зайд ва шу ондан иброний тилини ўрганишга киришди. Қисқа муддатда ўзлаштириб олди. Пайғамбар (с.а.в.) яҳудийларга мактуб битмоқчи бўлсалар, иброний тилида ёзиб, яҳудийлардан келган хатларни у зот (с.а.в)га ўқиб бера бошлади. Бундан ташқари, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг тавсиялари билан сурёний тилини ҳам ўрганди. Шу тариқа Зайд Пайғамбар (с.а.в.)нинг тилмочларига айланди. Жуда ақлли ва хотираси кучли инсон эди. Қуръонни ёзиб бориш вазифаси ҳам унга юкланганди.

Зайд олим саҳобалардан бири эди. Қуръонни ёд олишдан ташқари, мерос (фароиз) илмини ҳам чуқур эгаллаганлиги сабаб, Расулуллоҳ (с.а.в): «Фароизни энг яхши биладиган Зайддир», деганлар (Асқалоний).

Гарчи жуда аниқ бўлмаса ҳам, Зайднинг вафот йили ҳижрий 45-йил экани айтилади. Вафот этган чоғида 54 ёшда эди.

Зайддан ибн Умар, Абу Саид Худрий, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик каби саҳобалар, тобеинлардан Саид ибн Мусайяб, Қосим ибн Муҳаммад, Сулаймон ибн Ясор ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Манбалар асосида Шоакмал Шоакбар ўғли тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган  1525 марта кўрилган