«Имон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат – жаннат бордир» (Раъд, 29).

Оятда келган «Тубо» сўзига тафсир уламолари турлича таъриф берганлар. Жумладан, Ибн Аббос (р.а.) бу сўзнинг маъноси борасида икки хил фикр билдирган, бири жаннат ва иккинчиси жаннатдаги дарахтнинг номи. Имом Табарий ушбу саҳобийнинг «Тубо»дан мақсад «хурсандчилик ва кўз қувончи» деб тафсир қилганини келтирган.

Икрима «Тубо»ни «қандай ҳам яхши» тарзида таъвил қилган.

Даҳҳок эса «Тубо» «роҳат, шодлик ва бахт»дир, деган.

Қатода бўлса бу сўз «яхшилик» маъносида келганини айтган.

Саъид ибн Жубайрнинг Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилишича, «Тубо» – «жаннат» сўзининг ҳабашийча айтилиши.

Рабиъ ибн Анас бу сўз ҳинд тилидаги «жаннат», деган фикрни илгари сурган.

Қуртубий «Тубо»ни жаннатдаги дарахтнинг номи, деган фикрга қўшилади.

Табарийнинг тафсирида ушбу ҳадис келтирилган: Саҳл ибн Саъд (р.а.)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) қуйидаги ҳадисида ана шу Тубо дарахтига ишора қилганлар: «Жаннатда бир дарахт бор. Отлиқ учқур оти билан юз йил юрса ҳам соясининг охирига етолмайди»
(Муттафақун алайҳ).

Абу Умома Боҳилий «тубо»нинг шарҳида бундай деган: «Тубо жаннатдаги бир дарахтдир. Жаннатда бу дарахтнинг шохи кирмаган бирорта уй йўқ. Қанча гўзал қушлар бўлса, ҳаммаси ўша дарахтда бўлади, қанчалик чиройли мева бўлса, барчаси ўша дарахтда бўлади».

Яна шундай ҳам дейилган: «Бу дарахтнинг танаси Пай­ғамбар (а.с.)нинг жаннатдаги саройларидадир. Худди илм ва имон у зотдан бутун дуёга ёйилганидек, Тубо дарахтининг шохлари барча жаннат аҳлининг қасрларига ёйилган».

Абу Саид Худрий (р.а.)дан қилинган ривоятда айтилади: «Бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в)га: «Эй Расулуллоҳ, сизни кўрган, сизга имон келтирганларга тубо бўлсин!» деди. Шунда у зот (с.а.в.): «Мени кўрган, менга имон келтирганларга тубо бўлсин ҳамда мени кўрмай туриб менга ишонганларга тубо бўлсин, тубо бўлсин, тубо бўлсин!» дедилар. «Тубо нима, ё Расулуллоҳ?» сўради ҳалиги киши. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «У жаннатдаги дарахтдир, баланд­лиги юз йиллик масофа, унинг гулкосасидан жаннат аҳлининг кийими чиқади», деб жавоб бердилар (Аҳмад ривояти).

«...гўзал оқибат»ни Даҳҳок «чиройли қайтиш жойи», деб тафсир қилган.

Аллоҳ таоло барчамизга ана шундай чиройли оқибатни насиб этсин!

Табарий, Ибн Касир ва Қуртубий тафсирлари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган  963 марта кўрилган