Убода ибн Сомит ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Сиз менга олти нарсага кафолат беринг, мен ҳам сизларга жаннат кафолатини берайин: рост сўзланг, ваъдангизни бажаринг, омонатга риоя қилинг, номусингизни сақланг, ҳаромга назар солишдан тийилинг ва қўлингизни ҳаромдан тортинг» (Аҳмад ривояти).

Ҳадисда дунёда расо ҳаёт, охиратда эса чиройли якунга олиб борувчи амаллар айтиляпти. Шу олти амал ҳам шахс, ҳам жамиятга катта фойда келтирувчи омиллардир.

Зикр қилинган амалларнинг иккитаси сўз билан алоқадор. Ахлоқий хислатларимиз орасида рост сўз ва ваъдага вафо қилишда камчиликларимиз бисёр. Бу камчилик Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларида ҳам учрагани учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ё қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир» (Саф, 2-3), деган.

Кишининг қилмайдиган ишини гапириши бир жиҳатдан ёлғон, иккинчи жиҳатдан сўзда турмасликдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) ёлғонни катта гуноҳлардан бири дея эътироф этган бўлсалар, ваъдага вафосизликни мунофиқлик аломати деганлар. Бундан ташқари, сўзида турмаган кимсалар учун қиёмат кунида байроқ кўтарилиб «Бу ваъдасига вафо қилмаганлар учун» дея хитоб қилиниши ҳам айтилган (Бухорий ривояти).

Берилган сўзга амал қилиш мўминлик сифатларидан. Шунинг учун Аллоҳ таоло буни муттақий бандаларнинг сифати дея марҳамат қилган.

Ҳозирги кунда орамизда кенг тарқалган бир ибора бор: «Иншааллоҳ» («Худо хоҳласа»). Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бирор нарса ҳақида: «Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман», дея кўрманг! Илло, «Иншааллоҳ, (Аллоҳ хоҳласа)» (денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Раббингизни зикр қилинг (яъни, «иншааллоҳ», денг) ва: «Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ Тўғри йўлга ҳидоят этса», денг!» (Каҳф, 23-24). Бу инсонларнинг иссиқ жон экани, бизга боғлиқ бўлмаган фавқулодда вазиятлар назарда тутилиб, эҳтимол юзасидан айтилган. Ҳозирги кунимизда эса, мазкур иборани айтиб, баъзида атайин қилмасликни қасд этишимиз билан, таъбир жоиз бўлса, аблаҳликка йўл қўямиз. Кўзимиз етмай турган ишга ваъда бериб юбориб, ортидан «Худо хоҳласа» деб қўшиб қўйсак, Раббимизга туҳмат қилган бўлмасмиканмиз?!

Манбалар асосида Шоакмал Шоакбар ўғли тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган  1111 марта кўрилган