Сўзбоши

 

Асрлар ўркачидаги замонлар силсиласида занжирдай тизилиб, шажарасининг бир тармоғи менга туташган аждодларимдан мерос, тарихнинг ҳар қандай тўфонларидан омон чиқадиган бебаҳо бойлик – Ватанга чексиз муҳаббат ва жисму қалб эркинлигига садоқат!

«Буларнинг қайсиниси бирламчи ва муҳим?» деган савол мантиқсиздай. Зеро, чақалоқ киндик қони тўкилган тупроққа томир-томирлари билан боғланаркан, бу ёруғ оламда энг улуғ шараф – озод Инсон бўлиб яшаш туйғуси қонига, руҳиятига қоришиб кетса керак...

Ватан билан Эркнинг томирлари туташ. Ҳазрат Навоий таъкидлаб турибдилар:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш.

Бахтли бўлиб яшамоқ – ҳамманинг орзуси. Аммо қанчалар нисбий бу тушунча. Кимга шону шуҳрат, кимга молу давлат, яна бировга севгида бахтиёрлик... йўқ!.. Булар – ўткинчи ва омонат.

Меҳри, меҳнати, ақлу заковатининг нури зиёси дунё тамаддунини ёритган, кафти ва қалбининг тафти ҳар зарра тупроғига сингган, донолиги боқий қадриятларда қабариб, ҳаётга теран маъно, кўрку файз, барака бағишлаган боболар, момоларга издошлик, улардан қолган моддий ва маънавий хазиналарнинг ҳақиқий вориси бўлмоқ, ёқиб кетган чироқлари янада ёрқинроқ чарақлаши учун умрни бир тола нурга айлантириб яшамоқ – Бахт!

Ёши улуғлар истибдодда кечган энг яқин тарихимиз хотираларини эсларкан, мисоли уларнинг қалбларидан қора тоғ қулагандек бўлади.

Халқимиз елкасидан, қалбидан эрксизлик, истибдод кишанлари емирилиб тўкилганига 20 йил бўлди! Югурик вақтнинг бир киприк қоқишича келармикин бу фурсат?!

Аммо бу қисқа муддат ичида Ватан ва халқимиз тақдирида юз берган юксалишлар Мустақиллик қудрати, шарафига қўйилган муҳташам ёдгорликлар каби қалбларимизни ифтихорга тўлдириб, дунё аҳлининг ҳаваси, муҳаббатини кун сайин оширмоқда. Аллоҳга шукроналар бўлсин!

Умримиз имон нури билан ёришсин, Ватанни севиш ва уни озод, обод қиёфада авлодларга қолдириш саодатини Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин!

 

Муҳтарама Улуғова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган  1358 марта кўрилган