Рабиъул-аввал ойининг 11 ва 12-кунлари орасидаги кечани бутун дунё мусулмонлари байрам сифатида нишонлашади. Чунки бу кечада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таваллуд топганлар.

Ислом олимлари мавлид кечасини Қадрдан кейинги энг қийматли кеча, дейдилар. Ушбу муборак дамларда мусулмонлар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ёд этиб, мавлидхонлик қилишади, у зотга салавоту саломлар йўллашади. Чунки бу энг савобли амаллардандир.

Лекин кишилар орасида мавлид ўқиш шартми, бу ҳақда Қуръони каримда, ҳадиси шарифда кўрсатма йўқ-ку, деган фикрлар ҳам учрайди. Тўғри, хулафои рошидин, саҳобалар замонида мусулмонлар ўртасида мавлид кунини алоҳида тантана билан нишонлаш одат тусига кирмаган эди. Жанобимиз (с.а.в.)нинг вафотларидан 6-7 аср ўтганидан сўнг ўша замоннинг машҳур уламоларидан баъзилари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг номи шарифларига ҳурмат кўрсатиш, хотирлаб туриш мақсадида у зот таваллуд топган кунни байрам қилишга даъват қилдилар. Бу кунни мавлид куни деб атай бошладилар. Ислом тарихида биринчи марта Ибн Ҳажар Асқалоний, Жалолиддин Суютий, Шайх Шаҳобиддин Қасталоний каби машҳур муҳаддис ва фақиҳлар мавлид кунини нишонлаш, бу кунда Расули акрам (с.а.в.) ҳақларида қасидалар ўқиш, у зот (с.а.в.)ни ёд этиш дурустлиги хусусида фатво беришган.

Расулуллоҳ (с.а.в.) дунёга келганлари хушхабари етказилганда, амакилари Абу Лаҳаб хурсанд бўлади. Бу хусусда шундай ривоят бор: «Ҳофиз Муҳаммад ибн Жазарий айтадилар: бир кеча Абу Лаҳабни тушимда кўрдим. Ҳолини сўраган эдим: «Қаттиқ азоб чекяпман. Аммо Муҳаммад туғилгани хушхабаридан севиниб жориямни озод қилганим сабабли ҳар йили рабиъул-аввал ойининг 12-кечасида азобим енгиллашади», деди».

Абу Лаҳабдек мушрикнинг азоби енгиллашган ушбу кечада уммати Муҳаммаддан бўлган мўминнинг шодланиши, эҳсон бериб, Расулуллоҳ (с.а.в)га бўлган муҳаббатини намоён қилиши Аллоҳ таолонинг ҳам ўша бандаси учун Жаннат эшикларини очиб қўйишига сабаб бўлса, не ажаб!

 

Умму Самиҳа тайёрлади

 

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 23 ноябрда эълон қилинган  1446 марта кўрилган