Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни, бу ойнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини боғлаган кеча Ашуро кечасидир. Муҳаррам Қуръони каримда қиймат берилган тўрт ойнинг бири бўлса, Ашуро – бу ойнинг улуғ кечаси. Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

“Ашуро куни зарра қадар садақа берган кишига Аллоҳ таоло Уҳуд тоғича савоб беради” (“Ширъа”);

“Ашуро кунининг рўзаси ўтган бир йиллик гуноҳларга каффоратдир” (Муслим ривояти);

“Аллоҳ таоло Ашуро кунини афзал қилди. Ҳақ таоло кўкларни, ерни, тоғларни, денгизларни, юлдузларни, Арш ва малакларни, Одам (а.с.)ни Ашуро кунида яратди. Иброҳим (а.с.)нинг дунёга келиши ва Намруднинг оловидан қутулиши, у зот (а.с.)га ўғиллари ўрнига қурбон қилиш учун қўчқор эҳсон этилиши ҳам шу кунда бўлди” (Табароний ривояти).

Ашуро кунининг афзалликлари бисёр. Жумладан, Одам (а.с.) нинг тавбалари шу кунда қабул этилди, Нуҳ (а.с.)нинг тўфондан қутулишлари, Фиръавннинг ғарқ бўлиши, Яъқуб (а.с.)нинг ўғиллари билан топишишлари, Айюб (а.с.)нинг хасталикдан халос бўлишлари, Юнус (а.с.)нинг балиқ қорнидан чиқишлари Ашуро кунида воқеъ бўлган.

Бу кунда садақа беришнинг, рўза тутишнинг савоби улуғ. Рўза ўнинчи куннинг ўзида эмас, олдинги ёки кейинги бир кун билан бирга тутилгани маъқул.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 30 сентябрда эълон қилинган  1179 марта кўрилган