Қадимда бир подшоҳ ўтган экан. Кунлардан бир куни у туш кўрибди. Уйғонгач, анча муддат ўйланиб қолибди. Сўнгра вазирини чақириб: “Тайёрлан, саройдан ташқарига чиқамиз”, деб амр қилибди. Бир оздан сўнг икковлон имомлар кийимини кийиб, йўлда кетиб борардилар. Бир қишлоққа етгач, подшоҳ тушида кўрган жойни таниб: “Келдик”, деди. Одам кўп, ҳамма ўз иши билан банд. Лекин ҳеч ким ерда ётган жасадга эътибор ҳам қилмас эди. Шунда подшоҳ одамлардан сўради:

– Бу кимнинг жасади?

– Э сўраманг, уятсиз ароқхўрники, – жавоб берди бир киши. – Қирқ йиллик қўшним эди у. Тан олиш керак, жуда моҳир тақачи эди, эртадан қора кечгача ишлар, бироқ ичкиликни кўрди дегунча, бор будини бериб сотиб оларди. Ҳар куни уйига ароқ ташир, фоҳишаларни олиб келишдан ҳам тоймасди. Бугун биттасини, эртасига иккинчисини. Агар ишонмасангиз, бошқалардан ҳам сўранг, уни бирор марта жамоатда кўрган бормикан?..

Бир фурсатдан кейин одамлар тарқалиб, кўча ўртасида шоҳ, вазир ва ердаги жасаддан бошқа кимса қолмади. Шунда вазир:

– Юринг, шоҳим, биз ҳам кетайлик, – деди.

– Йўқ, ҳали кўрган тушимнинг ҳикматига ета олмадим, – жавоб берди шоҳ. – Жасадни олиб кетамиз. Сен ғам ема, уни ювиб, кафанлаб, кўмишни ўзим уддалайман. Фақат ювиш учун бирор жой топсак, кифоя...

Икковлон жасадни олиб нариги қишлоқдаги катта масжид томон йўл олдилар. Йўл-йўлакай керакли ашёларни харид қилишди. Жасадни ювиб, кафанлар эканлар, марҳум юзидаги нур, лабларидаги маъноли табассумни кўриб, хаёлларидан: “Бу одам қўшнилари айтганидек ёмон кимсага ўхшамайди-ку”, – деган ўй ўтди. Барча ишлар битгач, вазир:

– Шоҳим, янглишмадикмикан? – деб қолди. – Марҳумнинг яқинлари, бола-чақаларини суриштириш керакмиди...

– Тўғри айтасан, – деди шоҳ. – Ҳали намоз пайтигача вақт бор. Сен шу ерда бўлиб тур, мен унинг уйига бориб келаман.

Подшоҳ сўраб-сўраб марҳум яшаган уйни топди. Эшикни очган катта ёшли аёл шоҳнинг сўзларини диққат билан тинглар экан, мусибатни мардона қаршиласа-да, кўзёшларига монеълик қила олмади. Кейин шундай деди:

– Биласизми, ўғлим, бизнинг хўжайин бир олам эди. Эртадан-кечгача тинмай ишлар, топган пулига эса ароқ олиб келарди. Кейин... уммати Муҳаммад ичмасин дея, уларни ҳожатхонага тўкарди. Баъзан ёмон қизларни ҳам етаклаб келарди. “Мен сизларнинг вақтингизни сотиб олдимми?” – дея сўрар, “Ҳа”, дейишгач, унда мана бу ерга ўтириб тингланглар, дерди. Мен эса уларга ислом, имон, эътиқод ҳақида Аллоҳ қодир қилганича ўргатардим. У киши узоқ-узоқлардаги масжидларга қатнар, сабабини сўрасам: “Шундай имомнинг ортида намоз ўқигинки, қулоқ қоққанингда Каъбани қаршингда кўргин”, дея жавоб берарди. Лекин одамлар у кишининг ишларини нотўғри тушунишарди. Бир куни: “Қўшнилар сиз ҳақингизда ёмон гапларни гапиришяпти, ишқилиб жанозангиз ўртада қолмаса эди”, дедим. Шундан кейин ҳеч кимга оғирлигим тушмасин деб, қабрини ҳовлимиздан тайёрлаб қўйган эди. Мен эътироз билдирдим: “Иш қабр кавлаш билан тугамайди, ахир, сизни ким ювади, ким кафанлайди, ким кўмади?”

– Хўш, эрингиз нима деди? – қизиқди подшоҳ.

– У табассум қилиб: “Аллоҳ буюкдир, хотин, – деди, – Одамлар бўлмаса, подшоҳ бор-ку!..”

Ирода Тўрахонова тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 27 февралда эълон қилинган  2658 марта кўрилган