Саодат асрининг файзли кунларидан бири. Асҳоби киром Масжиди Набавийда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суҳбатларини тинглар эди. Суҳбат асносида Жанобимиз (с.а.в.): “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшилик (жаннат)га ета олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли-Имрон, 92), оятини ўқидилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳар бир сўзларини жон қулоғи билан тинглаётган саҳобийлар ояти карима моҳиятини юрак-юракларидан ҳис қилишди. Хаёллари бу чақириқнинг ижобати сифатида бор нарсаларини ҳозироқ инфоқ-эҳсон қилиш билан банд бўлди. Вақтни ўтказмай ораларидан бир саҳобий оёққа қалқди. Бу – Абу Талҳа (р.а.) эди. Унинг Масжиди Набавийга яқин жойда олти юз хурмо кўчати экилган ажойиб боғи бўлиб, Абу Талҳа уни жуда яхши кўрарди. Боғига янада барака киришини истаб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни тез-тез таклиф қилиб турарди. Абу Талҳа мақсадини шундай баён қилди:

– Ё Расулуллоҳ! Сизга ҳам, бошқаларга ҳам маълумки, хурмозор боғим мулкларим ичида энг қимматли ва мен учун севимлиси. Шу ондан эътиборан, Аллоҳ розилиги учун боғни Аллоҳнинг Расулига топширдим. Бундан буён уни тасарруф этиш ёки бирор фақир кишига бериш Сизнинг ихтиёрингизга ҳавола.

Бу сўзларни айтиб бўлгач, ҳозиргина қабул қилган қарорини тез ижро қилиш учун боғ томон кетди. Етиб келганида рафиқаси хурмо дарахтларидан бирининг соясида ўтирар эди, у ҳам эрини кўрди. Лекин Абу Талҳа боғ олдида худди бировнинг остонасига келгандай турарди. Аёл бу ҳолдан ҳайрон бўлиб сўради:

– Ичкарига кирмайсизми?

– Йўқ. Сен ҳам нарсаларингни йиғиб, ташқарига чиқ.

Аёл эрининг кутилмаган жавобидан шошиб қолди:

– Нега бундай деяпсиз?

– Чунки боғ энди бизга эмас, Мадина фақирларига тегишли, – дея Абу Талҳа бир муддат аввал Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитган ояти карима хушхабари ва унинг таъсиридаги азму қарорини рафиқасига севинч, завқ билан сўзлаб берди.

Аёл: “Бу инфоқни ўз номингиздан қилдингизми ёки иккимизнинг номимиздан?” – деган саволига Абу Талҳадан: “Иккимизнинг номимиздан”, деган жавобни олгач, қувонч билан деди:

– Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Ҳар гал атрофимиздаги фақирларни кўрганимда кўнглимга айни фикр келарди-ю, сизга айтишга истиҳола қилардим. Аллоҳ таоло қилган хайримизни ўз даргоҳида қабул этсин!

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  882 марта кўрилган