“Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”.

Шарҳ: Аҳли сунна ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилган амалидан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар.

Мусулмонларнинг унинг ҳаққига қилган дуолари, айтган истиғфорлари ва унинг номидан қилинган садақалари ва ҳажлари бунга мисолдир.

Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган.

Баданий ибодат рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.

1. Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик) баданий ибодат савоби ўлганга етади, деганлар.

2. Шофеъий ва Молик етмайди, дейдилар.

Ўлганга ўзидан бошқанинг амалидан савоб етишига далил Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бордир:

1. Қуръондан далил: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилгин...” (Ҳашр, 10).

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса, ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.

2. Суннатдан далил:

Имом Абу Довуднинг “Сунан” китобида Усмон ибн Аффон (р.а.)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.) ўлик дафн қилиб бўлинганидан кейин устида туриб: “Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади”, дер эдилар”.

Шунингдек, Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган.

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида келган ҳадис бунга мисол: “Оиша онамиз (р.а.) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан: “Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз, нима дейсиз?” – деб сўрадилар. У зот (с.а.в.): “Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз”, деб жавоб берганлар”.

3. Ижмоъдан далил:

Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, ўлганга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар.

Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Улар ўз аҳли биландир. Ўлган эркак, аёл ва гўдаклар учун алоҳида дуолар мавжудлигининг ўзи бу дуолардан вафот этганларга манфаат борлигини кўрсатади.

4. Қиёсдан далил:

Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат бергандан кейин рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки орада фарқ йўқ. Бунинг устига, бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

“Сунний ақийдалар”дан

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  2551 марта кўрилган