Доимий беҳаловатлик, тушкун кайфият, юрак сиқилиши... Бу каби хасталиклардан давримиз кишиларининг аксарияти шикоят қилишади. Бу муаммодан шифокор кўригидан ўтиш, турфа дори-дармонлар ёрдамида қутулмоқчи бўлишади. Лекин ҳар қандай касалликни даволашдан аввал унинг келиб чиқиш сабаблари аниқланади. Юқорида айтилганлар эса қалб хасталиги. Уларнинг юзага келишига асосий сабаб дунёга қаттиқ муҳаббат қўйиш, бошқа нарсалар билан машғул бўлиб, Аллоҳ таолодан, У Зотнинг амрлари ва қайтариқларидан ғофил қолишдир.

Анас (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар: “Дунё севгиси ҳар хатонинг бошидир. Бир нарсага қаттиқ муҳаббат қўйиш кишининг кўзини кўр қилиб қўяди” (Разин ривояти).

Абдулқодир Жийлоний ҳазратлари бу хусусда шундай дейдилар: “Эй азиз, бу алдамчи дунёдан кеч... Чунки бу илоҳий амрдир... Зеро, Жаноби Ҳақ Қуръони каримда: “Эй, инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз ва яна шундай бир Кундан қўрқингизким, (у кунда) бирор ота ўз боласи томонидан (гуноҳни) ўта олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирор нарсани ўта олувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин ва сизларни алдамчи (шайтон) Аллоҳ (кечаверади, деган алдов) билан алдаб қўймасин!” – деб марҳамат қилади (Луқмон, 33)”.

Имом Шофеъий бу мавзуда олим дўстларидан бирига қуйидагича ўгит берган эканлар:

– Биродарим, дунё ҳаёти мисоли сирпанчиқ ер, бинобарин, бундай жойда оёқ маҳкам туролмайди. Қанчалик обод қилинмасин, дунёнинг охири хароблик, яшовчиларнинг сўнгги зиёратгоҳлари – қабр, топганлари – барча севганларидан айрилишдир. Кўп молу дунёга эга бўлишнинг охири фақирлик, мулку бойлик тўплаш эса машаққатдан иборат.

Эй биродарим, Аллоҳдан қўрқ. Унинг ҳалолдан берган ризқига рози бўл. Ношаръий йўлларга қайрилма. Етишиш ёки етишмаслигингни билмаган кунлар учун ўзингни узун амаллар билан машғул қилма. Чунки умр ўткинчи рўё, йиқилишга маҳкум девор сингаридир.

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  1002 марта кўрилган