Ўзбек тилига “рўза” деб таржима қилинадиган арабча “савм, сиям” сўзи луғатда нафснинг истакларидан ўзини тийишни билдиради. Ўз маъносига кўра рўза, инсонни ёмон иш қилишдан тўхтатиб турадиган, ҳаётини тартибга соладиган хусусиятларга эга. Бу хусусни Пайғамбаримиз (с.а.в.) икки оғиз сўз билан “Рўза қалқондир!” – дея ифодалаганлар. Белгиланган соатларда кишини ейиш-ичиш каби нафсоний орзулардан узоқлаштиргани учун ҳам рўза қалқонга ўхшатиляпти. Бинобарин, камон ўқининг офатидан жангчини қалқони тўсиб қолганидек, рўза гуноҳларнинг юзага келишига ва айни сабаб билан кишининг жаҳаннамга киришига монеъ бўлади. Ёмонликларга замин ҳозирлайдиган истакларга тўсиқ қўяди.

Аллоҳнинг амрига бўйсуниб рамазонда бир ой рўза тутамиз. Теранроқ англасак, бу ибодатни рўза бизни тутсин, дея мукаммал адо этишга ҳаракат қиламиз. Зотан, “ўзини тутиш” ифодаси инсондаги ирода даражасини белгилайди. Чунки кишининг бошига ёмонликлар сабрсизлик, иродасизлик, ўзини тута олмаслик сабаб тушади.

Гуноҳлар, хатолар инсоннинг ўзини назорат қила олмаслиги натижаси эмасми?

Автоҳалокатлар одамзотнинг бор-йўғи бир неча сония ўзини йўқотгани оқибатида юз бермайдими?

Инсоннинг одам ўлдириб, қотил номини олишига ўзини тута олмай қолгани сабаб эмасми?

Ўзимизни, тилимизни тутолмаганимиз учун атрофимиздагиларнинг кўнгилларига жароҳат етказмаяпмизми?

Ғазабимизни тутолмаганимиз учун қўлимизни уришдан тўхтата олмай қолмаяпмизми?

Шундай – одам ўзини тутмаса, ўзини йўқотади, ҳам ўзига ҳам атрофидагиларга фалокат келтиради. Рамазондаги бир ой рўза эса мусулмон киши учун чин маънода ирода дарси, сабр синовидир. Демак, рўзани фақат ошқозонимизга эмас, вужудимиздаги ҳар бир аъзога, зеҳнимизга ҳам туттиришимиз керак бўлади. Шу маънода, Пайғамбаримиз (с.а.в.) киши рўза тутиш билан ёмонликлардан қайтсин, ўзини тутсин дея шундай марҳамат қиладилар: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг. Кимдир рўзадор билан урушмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”.

Демак, биз тутяпмиз деб ўйлаган рўза аслида бизни тутар экан. Фақат бу ўринда бир ҳақиқатни унутмаслик лозим инсон рўзани қонун-қоида ва одобларига амал қилиб, қанчалик гўзал тутса, рўзанинг ҳам соҳибини тутиш даражаси шунча юксак бўлади.

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  960 марта кўрилган