Муборак рамазон ойи уч қисмга бўлинади: биринчи ўн кунлигида Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига Ўзининг беҳисоб раҳматини нозил қилса, иккинчи ўн кунлигида рўзадорларнинг инсончилик билан ёки эҳтиётсизлик натижасида қилиб қўйган саҳву хатоларини мағфират қилиб, гуноҳларидан фориғ этади, иншааллоҳ. Энг муҳими бўлмиш учинчи ўн кунлиги дўзах оташидан сақловчи кунлардир. Зеро, бу охирги ўн кунлик ичига Аллоҳ таоло Қадр кечасини беркитди ва бандаларига ушбу кечада қилинган ибодатнинг савоби минг ой давомида қилинган ибодатдан афзал деб хабар берди: “Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад,) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси).

Бу беш оятли қисқа сура Маккаи мукаррамада нозил бўлган. Қуръон Муҳаммад (с.а.в.)га рамазон ойида ва айнан Қадр кечасида нозил қилингани тўғрисида бошқа оятлар ҳам мавжуд.

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...” (Бақара, 185).

“Аниқ Китоб (Қуръон)га қасамки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...” (Духон, 2-3).

Мана шу ояти карималар далолатича, Қуръони карим рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳул Маҳфуздан биринчи осмонга тўла-тўкис 114 сураси билан туширилган. Лекин Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.)га 23 йил мобайнида ҳолат тақозосига қараб, бўлиб турган ҳодисаларга мувофиқ сура-сура ёки оят-оят шаклида Жаброил (а.с.) воситалари ила нозил қилиб турилган.

Муфассирлардан Имом Қуртубийнинг айтишларича, “Таврот” ҳам Мусо (а.с.)га рамазоннинг олтинчи куни туширилган. Иброҳим (а.с.)га ҳам саҳифалар шу муборак ойда нозил қилинган.

Бизнинг олдимизда турган муборак Қадр кечасида юқорида келтирилган ояти карималардан кўриниб турган уч хил фазилатни англашимиз мумкин.

Биринчиси – Қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ҳам ортиқлиги.

Иккинчиси – бу кечада осмон фаришталари Жаброил (а.с.) билан бирга ер юзига тушиб, мўмин-мусулмонларга салом айтиб, дуоларига “омин” деб туришлари.

Учинчиси – то субҳ тонгигача аҳли имон бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туриши.

Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида: “Ҳар кимки Лайлатул Қадрда чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, ўтган жамики гуноҳлари мағфират қилинади”, деб башорат берганлар.

“Жума мавъизалари”дан

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  777 марта кўрилган