Эй Рамазон! Тақдир қалами белгилаган маълум муддатга қадар Сен ҳам бошқа ойлар сингари йилнинг ўн икки парчасидан бири эдинг.

Кунлар ойларни, ойлар йилларни, йиллар асрларни қувалаб ўтди. Тарих не-не замонларни бошидан кечирди. Сўнг Аллоҳ таоло инсониятни нажот йўлига йўллашни ирода қилди. Ўн саккиз минг оламлар Эгасидан энг сўнгги пайғамбарликка танланган улуғ зот (с.а.в.)га “Ўқинг!” – деган амр келди. Қуръони каримнинг нозил бўлиши Сенинг кечаларингдан бирида бошланди. Сен “Ўн бир ойнинг султони – Қуръон ойи” бўлдинг.

Сен илк оятларига гувоҳ бўлган бу китоб: “Рамазон ойи – ...Қуръон нозил қилинган ойдир”, дея улуғ мартабангни эълон қилди. Раҳмон Зот минг ойдан хайрли Қадр кечасини сенга жойлаштирди. Гўё оппоқ садафлар шодасига қора олмосни яширди ва амр қилди: “Қани, олмосни топинг!” Расулуллоҳ (с.а.в.)дан умматга ишорат бўлди – уни сенинг охирги ўн кунлигингдан қидиришни тавсия этдилар.

Эй муборак ой, бизлар учун рўза ойи бўлдинг, сенинг ўттиз кунинг давомида рўзадор бўлишга буюрилдик. Жанобимиз (с.а.в.) сени “қалқон” дедилар. Нафсимизга қарши курашларда қалқон вазифасини ўтадинг. Имонли қалбларнинг Аллоҳ мадади ила бу курашларда зафар қозонмоғи тайин бўлди...

Сен шифо ойисан – дунёнинг беҳисоб зийнатларига маҳлиё, сармаст руҳларимизга даво бўласан дея йўлларингга кўз тутар бўлдик. Нигоҳларимиз юлдузли кечалардан рамазон ҳилолини қидирар бўлди. Ҳар йили устимиздан раҳмат булути каби ўтиб, ортингдан соғлом таналар, саломат руҳларни қолдирасан. Гарчи вужудимиз ҳорғиндек туюлса ҳам, руҳимизда мадор сезамиз. Бу қувват дунёда муҳтож кишилар, бирда оч, бирда тўқ яшаётганлар ҳолини ўз бошимиздан ўтказиш билан пайдо бўлади. Қўлимиздаги беҳисоб неъматлар шукрини адо этиш лозимлигини тушуниш билан янада ортади. Ташрифларингда ғарибу мискинлар кўнглини меҳру саховат билан обод қилишни, улар ҳаққига дуойи хайрда бўлмоқликни таълим берасан. Зотан, саховатпешалар пешвоси бўлмиш Расулуллоҳ (с.а.в.) сен келишинг билан янада ғайратлари жўшар, яна ҳам саховатли бўлардилар. Биз у зот (с.а.в.)нинг хулқлари ила хулқланмоқ истаги билан сени азиз тутамиз...

Раҳмату мағфиратга лиммо-лим кунларинг бир-бир ўтиб бормоқда. Фарз ибодатларни адо этишда, рўзадорликда, хайрли амалларни бажаришда бардавом бўлар эканмиз, кўнглимизни афву мағфиратга ноил бўлиш умиди тўлдиради. Афвки, унда Раҳиму Раҳмон сифатли, истиғфорларимиз қабул бўлмоғи учун сени восита қилган Зотнинг раҳмати, икки дунё саодатига етиштиргувчи марҳамати мужассам...

Бизга лойиқ кўрилган фазилатли ойга лойиқ бўла олсайдик, ўз иззатингга муносиб ўтказа билсайдик кунларингни...

Сенинг воситангда илоҳий раҳматга етишмоқ мақсади кўнглимизни тўлдириб бормоқда. Сен-чи? Сенинг биздан кўнглинг тўляптими, эй моҳи муборак?..

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  881 марта кўрилган